Марказий банк қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди
Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 19 октябрдаги қарори билан қайта молиялаш ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
«Мазкур қарорни қабул қилишда иқтисодиётда инфляция ва инфляцион кутилмалар динамикасининг сақланиб қолиши, бир марталик инфляцион шокларнинг юзага келиши шароитида фоиз ставкаларини янада оширишда хорижий валютадаги кредитлар ўсиши ҳамда кредит бозорида сегментациянинг кучайиши борасидаги айрим хавотирларнинг мавжудлиги ва тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлаш вазифаларини инобатга олиб, эҳтиёткорона ёндашувни қўллаш заруриятидан келиб чиқилди», — дейилади банк ахборотида.
2019 йилнинг дастлабки 7 ойида иқтисодиётда инфляцион жараёнлар базавий прогноз сценарийсига асосан ривожланиб борди. Мазкур сценарийда истеъмол нархларининг йиллик ўсиш прогнози 13,5—15,5 фоиз оралиғида бўлиши назарда тутилган эди.
Лекин 2019 йилнинг учинчи чорагида муқобил сценарийда назарда тутилган алоҳида инфляцион хатарлар вужудга келди ва инфляциянинг тезлашишига сабаб бўлди.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар
2019 йилнинг 9 ойида республика бўйича истеъмол нархлари ўртача 9,7 фоизга ўсди.
Айни пайтда, январь—июль ойларида йиллик инфляция ўртача ҳисобда 13,5—13,7 фоиз даражасида сақланиб қолган бўлса, август ойида инвестицион кредитлар ва давлат харажатлари ошишининг тезлашиши, сўм девалвацияси билан изоҳланадиган фундаментал омиллар ҳамда электр энергияси ва газ нархларининг оширилиши, иш ҳақи ва пенсия тўловларининг индексация қилиниши билан юзага келадиган қисқа муддатли омилларнинг таъсири ҳисобига 16,5 фоизгача кўтарилди ва прогноз коридоридан юқори бўлди.
Сентябрь ойида йиллик инфляция 16 фоизгача секинлашди. Бу эса юқорида санаб ўтилган омиллар асосан вақтинчалик характерга эга эканлигини тасдиқлайди. 2019 йилнинг қолган даврида бир марталик шоклар таъсирининг аста-секин камайиб бориши шароитида истеъмол нархлари ўсиш суръати босқичма-босқич секинлашади ва прогноз коридорининг юқори чегараси — 15,5 фоизга яқин даражада шаклланади.
Шунингдек, бир қатор импорт товарларига ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши, ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши ҳисобига октябрь ойида инфляция даражасининг бир мунча тезлашиши тахмин қилинмоқда.
2019 йилнинг ўтган даврида шаклланган йиллик инфляция даражасига асосан озиқ-овқат нархлари ва хизматлар тарифлари (тартибга солинадиган нархлар) ошиши ҳисобига вужудга келди. Мазкур нархлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 17,5 ва 19,5 фоизга ошди. Бунда, январь—сентябрь ойларида истеъмол нархлари индекси ошишига энг катта улуш хизматлар тарифлари ошиши ҳиссасига тўғри келади (жорий йил 9 ойида 4,3 фоиз банд, ўтган йилнинг 9 ойида 2,6 фоиз банд бўлган).
2019 йилнинг август ойида қисқа муддатли омиллар (тартибга солинадиган тарифлар ва нархларнинг оширилиши, иш ҳақларини индексация қилиниши) таъсири сабабли қисқа муддатли инфляцион кутилмаларнинг маълум даражада ошиши рўй берди, лекин сентябрь ойи охирига келиб уларнинг трендида пасайиш кузатилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябрь ойида ўрта муддатли инфляцион кутилмалар пасайиши, қисқа муддатли кутилмаларга нисбатан секин бўлди. Бу, асосан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари кутилмалари шаклланишининг мослашувчан хусусиятга эга эканлиги ҳамда уларда келгусида нархлар ошиши борасида ноаниқликларнинг сақланиб қолаётганлиги билан изоҳланади.
Жорий йилнинг 9 ойида макроиқтисодий шароитлар ички талабнинг юқори ўсиш суръатлари таъсирида шаклланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2019 йилнинг январь—сентябрь ойларида ЯИМнинг реал ўсиш суръати ўтган икки чоракдаги кўрсаткичлар даражасида сақланиб қолади. Бунда, тижорат банклари томонидан иқтисодиётни фаол кредитлашнинг амалга оширилиши ва давлат харажатларининг ўсиши ҳисобига шаклланган талаб омиллари иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлди.
2019 йилнинг июль—август ойларида ички ва ташқи омиллар таъсирида хорижий валютага талабнинг жадаллашуви кузатилди ва натижада, миллий валюта девалвацияси тезлашди. Хусусан, 2019 йил январь—июль ойларида доллар алмашув курси 4 фоизга ошиб, ойлик ўсиш суръати ўртача 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида алмашув курсининг кескин ўсиши (8,2 фоиз) кузатилди. Айни пайтда, сентябрь ойига келиб доллар алмашув курси яна ўзининг олдинги трендига қайтди ва ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизгача секинлашди.
Пул-кредит сиёсати
2019 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи 38,3 фоизга (38,6 триллион сўмга) ўсди. Бунда, миллий валютада кредитлар 2019 йил бошидан 34,3 фоизга ошди. Ушбу кредитлар 2018 йилнинг мос даврида 61,1 фоизга ўсган эди.
Пул-кредит сиёсати шароитлари кредитлар бозорига турли хил таъсирга эга бўлиб, миллий валютадаги тижорат кредитларининг ўсиш суръатида маълум даражада секинлашиш кузатилаётган бўлса, чакана кредитлар (истеъмол кредитлари) ажратилишида бир мунча юқори ўсиш суръатлари билан таснифланади. Шунингдек, нисбатан паст фоиз ставкалари шароитида хорижий валютадаги кредитлар ўсишиниг тезлашиши кузатилди.
Валюта ва чакана кредитларнинг пул-кредит сиёсати шароитлари ўзгаришига кам таъсирчанлиги сабабли, Марказий банк пул-кредит сиёсати самарадорлигини янада ошириш макропруденсиал назорат чораларини қўллашни фаоллаштиришни тақозо этади.
Бундан ташқари, иқтисодиётда фоиз ставкаларининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши ҳамда бир вақтнинг ўзида кредитлаш шартлари ва механизмларининг бозор ёндашувлари асосида такомиллаштирилиши трансмиссион механизм «кредит канали» ишлаши самарадорлигини янада оширишга ёрдам беради.
Мазкур даврда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари ўсиши 43,6 фоизни ташкил қилди. Ушбу депозитларнинг жами миллий валютадаги депозитлар таркибидаги улуши 33 фоизга етди (2018 йилнинг мос даврида — 23,5 фоиз).
Прогноз ва хатарлар
Қайта молиялаш ставкасининг янада оширилиши имтиёзли кредитлаш мезонларига мос келмайдиган иқтисодиёт тармоқлари учун пул-кредит сиёсати шароитларининг янада қатъийлашишига олиб келиши мумкин.
Иқтисодиётнинг ҳозирги ривожланиш жараёнида, нафақат нархлар барқарорлигини, балки молиявий барқарорликни ҳам таъминлаш мақсадида Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишнинг эҳтиёткорона ёндашувини танлаш зарурати туғилади ва бу макроиқтисодий мувозанатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўз навбатида, макропруденсиал чоралар кредитлар ўсиш суръатларини секинлаштириб, пул-кредит сиёсати мақсадларига хизмат қилади.
Шунинг учун қайта молиялаш ставкасининг ҳозирги даражасида ўзгаришсиз қолдирилиши билан бир пайтда Марказий банк молиявий бозор нобарқарорлигининг олдини олиш ва бутун иқтисодиётдаги молиявий мувозанатни таъминлаш мақсадида банкларнинг юқори кредитлаш фаоллигини тийиб туришга қаратилган макропруденсиал назорат чораларини кўради.
Шунингдек, бугунги кунда Марказий банк қайта молиялаш ставкаси миллий валютадаги депозитлар ва кредитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлаб берувчи, иқтисодиёт учун мақбул даражада шаклланган.
Кредитлаш суръатларининг янада мў’тадиллашишини, шунингдек олдинроқ вужудга келган инфляцион хатарлар (иш ҳақи ва пенсияларнинг индексация қилиниши, электр энергияси ва газ тарифларининг кўтарилиши, сўм девалвацияси)ни ҳисобга олган ҳолда йил охиригача инфляциянинг секинлашиши ва базавий прогноз коридорнинг 15,5 фоизли юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
18:22 / 28.11.2024
Ҳакерлар Уганда Марказий банкидан салкам 17 млн доллар ўғирлади
12:56 / 28.11.2024
Битта шахс номига бериладиган карталар сонини чеклаш режалаштириляпти
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024