Президент ташрифидан кейин: Сурхондарё вилоятидаги бир туманда «тўртлик» алмашди
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси раҳбари ишдан кетди.
Бугун, 22 октябрь куни Халқ депутатлари Шеробод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов, туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари иштирок этган сессияда ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, 2017 йил ноябридан буён туманга раҳбарлик қилиб келган Ўрол Абрайқулович Бобоқулов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Шеробод тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди.
Шу кунгача вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Хуррамович Амиров Шеробод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Алишер Амиров 1977 йилнинг 19 августида Бойсун туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институти, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
2016 йилда Сурхондарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангунга қадар, «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари – бош муҳандиси лавозимида фаолият юритган.
Шунингдек, сессияда Баҳодир Холёрович Юнусов туман прокурори, Беҳзод Иброҳимович Аминқулов туман ички ишлар бўлими бошлиғи, Шуҳрат Аллабердиевич Жумаев туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тасдиқлангани эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлган, ташрифнинг иккинчи кунида Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, республикадан келган мутасаддилар, фаоллар иштирокида ўтказилган йиғилишда соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари «қотиб қолган»и танқид қилинганди.