Жаҳон | 12:20 / 25.10.2019
14509
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Трампга таҳдид учун рэп ижрочи Эминем сўроқ қилинди 

АҚШ махфий хизмати рэп ижрочи Эминем сифатида маълум бўлган Маршалл Брюс Мэтерс III’ни ўз қўшиқлари матнида АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг қизи номига билдирилган таҳдид сўзлар борлиги учун сўроқ қилинган. Бу ҳақда BuzzFeed портали хабар берди. 

Портал тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, махфий хизмат қўшиқчи “ўзини номақбул тутгани” ва “ҳимоя остидаги шахсларга таҳдид қилганини” таъкидлаб ўтган.

АҚШ ОАВ маълумотларига кўра, гап Эминем 2017 йилда “BET Hip Hop Awards” тақдимотида ўқиган рэпи ҳақида бормоқда. У қўшиғида Трампни танқид қилиб, уни “ядровий холокостни юзага келтириши мумкин бўлган камикадзе” деб атаган.   

Бундан ташқари, рэпчи Revival номли қўшиғида Трампнинг қизи Иванка борасида кескин фикрлар билдирган.

Эминем 2018 йилда Kamikaze номли албомидаги композицияларидан бирида махфий хизмат уни сўроқ қилганини эслаб ўтган. 

Бу орада махфий хизмат қўшиқчининг сўроқ қилингани борасида изоҳ бермаган.

47 ёшли рэп ижрочи нафақат АҚШ, балки бутун дунёда энг машҳур хип-хоп ижрочилардан саналади. Rolling Stone ва бошқа бир қатор нуфузли нашрлар уни барча замонларнинг энг яхши қўшиқчиларидан бири сифатида эътироф этган.

Мавзуга оид