Жамият | 20:47 / 25.10.2019
11656
4 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокимлиги Мингбулоқдаги тешик кўприклар масаласида изоҳ берди

Мингбулоқ туманидаги таъмирга муҳтож кўприклар ҳақида Kun.uz`да эълон қилинган мақола юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги расмий изоҳ берди.

Изоҳда айтилишича, мақолада кўтарилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган ва қуйидагилар аниқланган.

«Мингбулоқ тумани, «Уюрчи-Дамкўл» МФЙ, Жийда қишлоғидаги умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган, 1960 йилларда қурилган, «Охунбобоев» канали устидан ўтган темир-бетон кўприкнинг узунлиги 42 метр, эни 7,6 метрни ташкил этади. Кўприк эгасиз, собиқ иттифоқ даврида колхоз балансида бўлган. Кўприкнинг қатнов қисми яроқли ҳолатда. Кўприкнинг чегараловчи панжара қисми бузилиб кетган, қолган қисми номаълум шахслар ёки корхона томонидан таъмирлаш баҳонасида 8-10 йиллар олдин кесиб кетилган, оқибатда кўприкнинг икки ён томони очиқ ҳолатда. Қишлоқ аҳолисининг каналга тушиб кетиш хавфи мавжуд. Юк кўтариш қобилияти ҳозирги кундаги транспорт оқими ва юклар оғирлигига ҳисоб-китоб қилинмаган.

Ўрганиш якунига кўра, кўприкнинг таъмирлаш ишлари нуқсон далолатномаси тузилди ва таъмирлаш учун бирламчи смета тайёрланди. Сметага асосан, кўприкни таъмирлаш учун 110,8 млн. сўм маблағ талаб этилади. Ушбу ишларни Мингбулоқ тумани маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режага киритилди. Эгасиз кўприк таъмирлангандан сўнг туман Ободонлаштириш корхонаси балансига қабул қилиниши кераклиги белгилаб берилди.

Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод қишлоғидаги умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 4Н-447 «Уйирчи қ.-Қирқчек қ.-Қолгандарё қ.» автомобил йўлининг 3+400 км.да жойлашган, 1960 йилда қурилган, «Охунбобоев» канали устидан ўтган темир-бетон кўприкнинг узунлиги 27,8 метр, эни 7,6 метрни ташкил этади. Металл сарроблар устига кўндаланг ҳолатда яхлит темир бетон плиталар ўрнатилган, бу плиталар узоқ йиллар ташқи таъсир ва оғир юк транспортларини ўтиши натижасида емирилган ва яроқсиз ҳолга келган. Юк кўтариш қобилияти ҳозирги кундаги транспорт оқими ва юклар оғирлигига хисоб-китоб қилинмаган.

Мазкур масала юзасидан Наманган вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий Бош бошқармаси томонидан 2019 йил 14 майда «Наманганйўллойиҳа институти» МЧЖга кўприкни қайта қуриш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаб бериш бўйича буюртма берилган. Ҳозиргача «Йўллойиҳа Бюроси» МЧЖ Наманган вилоят бўлими ва Наманган йўлчилар малакасини ошириш ўқув марказидан мутахассислар жалб этилди ва кўприкни диагностика ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Кўприкни 2020 йилда қайта қуриш ишлари бажарилиши белгиланди, ҳозирги кунда «Наманганйўллойиҳа институти» МЧЖ томонидан кўприкнинг съёмка қилиш ва геологик экспертизасидан ўтказиш ишлари якунланган ва кўприкни қайта қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Ўрганиш якунига кўра, кўприкнинг тўла таъмирлаш ишлари 2020 йилда амалга оширилиши муносабати билан, пиёдалар учун хавф туғдирган кўприкнинг қисми тўла беркитилиб, ёнидан эни 1,5 метрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилди.

Аҳоли билан тўлақонли суҳбат ўтказилди, кўрилган чораларга уларда қониқиш пайдо бўлди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида «Меҳнатобод» қишлоғини иккига бўлиб ўтган 4Р-126 «Пунган-Найман-Балиқчи-Наманган» автомобиль йўли жуда серқатнов бўлганлиги сабабли аҳоли ўз фарзандларини йўлнинг иккинчи томонида жойлашган 19-сонли мактаб ва болалар боғчасига бехатар бориб келишларидан хавотирда эканлигини билдиришди.

Доимий равишда шу чорраҳада йўл-транспорт ҳодисалари бўлиб туришини ҳисобга олган ҳолда, мазкур созланмаган чорраҳага светофор ўрнатиб бериш борасида тегишли идораларга кўрсатма берилди», – дейилади вилоят ҳокимлиги маълумотида.

Мавзуга оид