Ўзбекистон | 15:15 / 25.10.2019
67114
2 дақиқада ўқилади

Наманганда қуриладиган Hyundai заводидан илк маҳсулот қачон чиқиши очиқланди

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Намангандаги Hyundai заводи қурилишини жадаллаштириш бўйича қўшимча инвестицион шартнома имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда лойиҳада иштирок этаётган Жанубий Корея компаниялари раҳбарлари ўртасида 24 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган амалий учрашувда қўшимча инвестицион шартнома имзоланди. Шартномани вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Hyundai Motor компанияси тижорий автомобиллар бўлинмаси вице-президенти Лим Хён Юнг, Hyundai Corporation компанияси тижорий автомобиллар ва темир йўллар бўйича бош директори Пак Йонг Хван ҳамда Evergreen Motors компанияси вице-президенти Ким Ик Дон имзолади.

Ҳужжатга кўра, «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан жой оладиган Hyundai тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш қўшма корхонасига лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳамда келгуси фаолиятида ЭИЗ иштирокчиларига берилган солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. 2019 йил якунига қадар лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон президентининг махсус қарори ҳам қабул қилинади.

Шунингдек, шартномада Hyundai тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводидан илк маҳсулотнинг чиқиши 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга ошиши белгилаб олинди.

Завод қуриб битказилгач, йилига 2500 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Завод тўла ишга тушганда, мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид