Спорт | 23:25 / 28.10.2019
33064
2 дақиқада ўқилади

Николай Ширшов: «Шомуродов – Қосимовдан кейин Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиси»

Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 13 та гол урган Николай Ширшов айни дамда Ростовда истиқомат қилади. Элдор Шомуродов ҳақида кўрсатув суратга олаётган Kun.uz мухбирлари Ростовда миллий жамоа сафида ёрқин ўйин кўрсатган Николай Ширшов билан кўришди. Футболчи Ўзбекистон сафидаги ўйинларини ёдга олди.

«Биз ўйнаган вақтда миллий жамоадаги ички муҳит жуда яхши эди. ЖЧ саралашидаги Хитой билан ўйинда урган голим ҳаётимдаги энг яхши хотираларимдан десам бўлади. Фарзандли бўлганимда ва ўша голни нишонлаётганда энг бахтли дамларимни бошимдан ўтказганман.

Раҳбарият билан муносабатлар яхши бўлган. Зокир Алматов футболни яхши кўрадиган одам эди. Эсимда, у бир ўйинда ютқазганимиздан кейин йиғлаганди.

Элдор Шомуродовнинг ўйинларини албатта кузатиб бораман. Ростовга ҳамюртим келганини билиб унинг олдига бордим, мендан нима ёрдам керак бўлса, сўра дедим. У ажойиб футболчи. Менимча, Элдор ўзбек футболи тарихида Миржалол Қосимовдан кейинги иккинчи футболчи. Жалол жуда зўр ўйнарди.

Ҳозир мураббийлик билан шуғулланяпман, натижаларимиз ёмон эмас. Мени бу ерда ўзбек деб чақиришади. Биласизми, бизнинг жамоа майдонга чиқиб келаётганида стадионда «Учқудуқ» қўшиғи қўйилади. Маҳаллий мухлислар бу қўшиқни телефонидаги қўнғироқ мусиқаси ўрнига ҳам ўрнатиб олган»,— деб Ширшовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ширшов билан суҳбат ва у айни дамда нималар билан машғул бўлаётгани ҳақида тез орада Kun.uz сайтида ўқийсиз.

Мавзуга оид