Ўзбекистон | 22:37 / 29.10.2019
27416
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазири ўринбосари: «Реновация – осонлик билан кечадиган жараён эмас»

Шуҳратхўжа Ҳошимов / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси мамлакатда кўп квартирали уйларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича қилинаётган ишлар бўйича тегишли вазирликларнинг ахбороти эшитилди.

Унда маълум қилинишича, мамлакатдаги 455та кўп қаватли уй авария ҳолатида. Бу уйларнинг 80 фоизи техник кўрикдан ўтказилган, қолганларининг техник ҳолатини аниқлаш ишлари ҳам йил охиригача якунланади.

«Кўрик натижаларига қараганда, [авария ҳолатидаги кўп квартирали] уйларнинг аксарияти сейсмик бардошлилиги, энергия самарадорлиги бўйича талаб даражасида эмас. Техник кўрик тўлиқ якунлангач, сейсмик носоз уйлар бузилади, бузилмайдиганлари эса энергия аудитидан ўтказилади», ─ деди Қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов.

Ҳошимовга кўра, эскириб қолган уйлар ўрнига янгиларини қуришни назарда тутувчи реновация дастури нафақат аҳоли учун қулай турар жой қуриш, балки керакли ўринларда ижтимоий инфратузилма бунёд этилишини ҳам мақсад қилиши лозим.

«Ҳудуд бош режасини тузишда фақатгина турар жойларнинг қурилишига эмас, балки ижтимоий инфратузилма, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ҳам мувофиқ тарзда бунёд этилишини назарда тутиш керак.

Реновация – осонлик билан кечадиган жараён эмас. Ривожланган Хитойда ҳам бу жараён 70 йилдан бери давом этади.

Реновация ҳамда ижтимоий инфратузилма бунёдкорлиги тўғри уйғунлаштирилса, ҳудуднинг иқтисодий жозибадорлигини оширишга эришиш мумкин», ─ деди вазир ўринбосари.

Бундан олдин, Ўзбекистондаги кўп қаватли уйларнинг ярмидан кўпи таъмирталаб аҳволдалиги маълум қилинган эди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид