Ўзбекистон | 18:20 / 30.10.2019
12052
6 дақиқада ўқилади

6та ташкилот Ўзбекистон фуқароларига қўшма мурожаат билан чиқди

Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,“Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаоллари фуқароларга мурожаат билан чиқишди.

 Қайд этилишича, Ўзбекистон миллий тикланишдан миллий юксалиш сари комил ишонч билан катта йўлга чиқди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг фаровонликда, ҳаётдан рози бўлиб яшашимизга қаратилган. Шу сабабли ҳам орамизда ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари кўпайиб бормоқда.

«Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: бизнинг мана шу шиддатли ўзгаришларга дахлдорлигимиз қандай? Бу улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ҳаракатида ўз ўрнимизни топа олдикми? Шукроналик ила бу ишларга муносиб ҳиссамизни қўша оляпмизми?

Нега айрим оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, ўзаро муносабатларга манфаат, тама қўшилаётир? Нега ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб бораётганига индамай қараб турибмиз?! Ахир Ватан келажаги – фарзандлар тарбияси, камолига боғлиқ эмасми?

Бизда азалдан ота адолатли фикри, ҳақ сўзи, ибрати билан оиланинг устуни, виждони бўлиб келган. Бежиз халқимиз “Ота рози – худо рози” демаган. Бугун айрим оилаларда ана шундай оталар ўрни, ҳикмати сезилмаяпти. Оилавий муносабатларда маънавий-ахлоқий мувозанатнинг бузилаётгани, оилавий ажралишлар, жиноятлар, мулкий можаролар кўпайиб бораётгани ҳаммамизни ташвишлантиради.

Эр хотинига, хотин эрига қасд қилиши билан боғлиқ ҳолатларга нега бефарқ қараб турибмиз? Фарзанд ота-онаси, ака-укасига қўл кўтариши биз учун номус ва уят эмасми?! Бу ҳолатдан ундай оилаларнинг етти пуштига тавқи-лаънат келмайдими? Ўз боласини сотмоқчи бўлган айрим номуносиб аёллар Она деган буюк ном, буюк меҳр ва қадриятни оёқ ости қилмаяптими? Энг ёмони, биз бундай аянчли манзараларга тобора кўникиб бораётганимизда!

Турмуш қураётган йигит-қизларимиз мустақил ҳаётга тайёрми? Оила юки, масъулиятини хис қила олишяптими? Тобора ошиб бораётган ажримларнинг сони нега бизни безовта қилмаяпти?

Азизлар адашганларга эргашмайлик!

Биз асрлар давомида ақл-заковати, юксак маънавияти, инсоний қадриятлари билан бошқаларга ибрат ва намуна бўлиб келган халқмиз. Афсуски, бугун тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам бемаъни орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, маънавий мезонлардан йироқ, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозликка кўр-кўрона эргашиш кўпайиб бормоқда.

Қачондан буён меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ тушунчалари бизга бегона бўлиб қолди? Айрим ёшларимиздаги бефарқлик, масъулиятсизлик, меҳнатдан қочиш каби иллатларга қачонгача томошабин бўлиш мумкин?! Баъзи ота-оналарнинг боласи қаерда, ким билан, нима қилаётганига қизиқмаслиги Яратганнинг ўзи берган неъматга ношукрлик эмасми?!

Бу иллатларга барҳам бериш маҳаллалардаги ҳар бир иймон ва виждон соҳибининг фуқаролик бурчидир. 

Азиз ватандошлар!

Миллатни чалғитаётган, мамлакат тараққиётига тўғоноқ бўлаётган иллатларга жамоатчилик назоратининг танқид найзаси билан биз – ўзимиз чек қўймас эканмиз, емирилган оилалар, етим қолган гўдаклар, кўчада қолган муштипар оналарнинг кўнглидаги жароҳатлари, бир қориндан талашиб тушган ака-ука, опа-сингилларнинг турмуш жиноятларини йўқотиб бўлмайди.

Азизлар!

Болаларимиз бахтини исрофгар тўй, сарпо, тоғораларга алмашмайлик! Халқимиз “Эпли келин-сепли келин” дея бежиз айтмаган. Бахт - мол-мулк билан ўлчанмайди. Оилаларда арзимас икир-чикирлардан бошланиб, ажралиш билан тугайдиган, норасида гўдакларни “тирик етим” қилувчи жанжалларга сабабчи бўлиб қолишдан тўхтайлик!

Тўйларни давримизга, юксак миллий маданиятимизга мос, маърифатли, ортиқча дабдабаларсиз, исрофгарчиликсиз, ихчам қилиб ўтказайлик. Меҳнат билан топган маблағларимизни елга совурмайлик, тежаб, болаларимиз камоли, келажаги йўлида сарфлайлик!

Келинглар, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини амалда йўлга қўяйлик. Ҳаммамиз бирлашиб, “Бир болага етти қўшни ота-она” эканлигини амалда кўрсатайлик!

Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг

Илм ила олам юзин обод қил,

Хулқ ила олам элини шод қил!

деган сўзлари ёшларимиз учун маёқ вазифасини ўтайдиган вақт келди.

Азиз маҳалладошлар!

Қабристонларга эътиборсизлик – ота-боболаримизга ҳурматсизлик саналади. Шундай экан, хайрли ва савобли ишларга ҳар биримиз виждонан ҳисса қўшайлик! Қилган ишларимизни бу оламни тарк этган бобо-ю бувиларимиз, ота-оналаримиз, яқинларимиз тириклигида қилган хизматларимизнинг давоми бўлсин, деб ният қилайлик!

Ҳар биримиз мана шундай хайрли, савоб ишларда ишбоши, бир-биримизга елкадош бўлайлик! Бу йўлда қўни-қўшниларимиз, касбдошларимиз, жамоадошларимиз, маҳалла-кўйга ибрат бўлайлик!

Ватанимиз миллий юксалиш сари қатъий қадам қўйди. Биз ишонамиз, Ўзбекистон 2030 йилга бориб, албатта дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олади. Бунинг учун ҳар биримиз жонкуяр, фидойи ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишимиз лозим. Бу ҳақиқатни жаҳоннинг тараққий этган давлатлари тарихи ҳам тасдиқлаб турибди.

Уйимиз, маҳалламиз, ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам маънавий поклик, гўзал қадриятлар бардавомлиги учун курашайлик! Ҳушёр, огоҳ, аҳил бўлайлик!

Тинчлигимиз, хотиржамлигимизни, миллий бирлигимизни, соғлом ўзбекона маънавий муҳитимизни кўра олмайдиган ҳар қандай бузғунчи куч ва таъсирларга қарши муросасиз курашайлик!

Бугун ҳар бир жамоат ташкилоти ўз фаолиятини танқидий таҳлил этиб, ҳамкорликнинг янги, амалий босқичига чиқиши зарур. Бунинг учун жамоат ташкилотларининг, аввало, энг қуйи бўғинларни уйғотишимиз шарт. Бунда албатта, сиз, ижтимоий фаол ватандошларимизнинг фидойилигингизга таянамиз.

Унутмайлик!

Ўзимиз аҳил бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни ечмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни ҳал қилиб бермайди. Ўзбекистон қутлуғ хонадонимиз, бу хонадон ободлиги, тинчлигини таъминлашга, шаъни-шавкатини сақлашга ҳар биримиз масъулмиз!» - дейилади мурожаатда.   

Мавзуга оид