«Снос»лар, сўз эркинлиги ва ЕОИИ ҳақида — Ўзбекистоннинг Тожикистондаги собиқ элчиси билан суҳбат
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг Россия ва Тожикистондаги собиқ элчиси, шунингдек, ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Шоқосим Шоисломов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр билдирди.
Шоисломов сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда амалга оширилган учта асосий ислоҳотни санаб ўтди. Булар: ҳуқуқ устуворлиги, сўз эркинлиги ва муҳтож аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатилишидир.
«Бир неча йиллар аввал сўз эркинлиги кўпчиликнинг тушига ҳам кирмасди. Илгарилари одамлар ошхоналарда бир-бирига пичирлаб гапирар, уларнинг нима ҳақида гаплашаётганини кимдир эшитиб қолса олиб кетиб сўроқ қилишидан чўчишарди. Бугун эса одамлар ўзларини анча эркин ҳис қилишмоқда», - деди у.
Шу билан бирга, Шоисломов сўз эркинлигини суиистеъмол қилмаслик кераклигини таъкидлади.
Унинг фикрича, «интернет троллар»га нисбатан чекловлар киритиш ва қонун доирасида жазолаш лозим. У шунингдек, оммавий ахборот воситалари хусусида ҳам фикр билдирди.
«Бугун биз нафақат ахборот олиш, балки ахборот бериш маданиятини ҳам шакллантиришимиз лозим... ОАВ – тиғ каби, уни бежизга тўртинчи ҳокимият дейишмайди. Ушбу тиғ билан одамни операция қилиб даволаш ҳам, ўлдириш ҳам мумкин. ОАВ тиғидан тўғри фойдаланиш лозим», - деди Шоисломов.
У шунингдек, маҳаллий бошқарув органларининг ислоҳотларни амалга оширишдаги ижро услубини танқид қилди.
«Кескин куч ишлатиш, босим ўтказиш, илгаригидек «тез бўл, бульдозер билан бузиб ташла» каби услублар – одамларга бундай муносабатда бўлмаслик керак. Булар эски даврдан қолиб кетган иллат. Афсуски, аксарият ҳокимларимиз янгича ишлашга мослаша олишмаяпти. Ҳоким, вазир ёки ҳар қандай раҳбар у ёки бу дастурни қандай бажариш бўйича шароит яратиши, стратегия тузиб олиши лозим», - таъкидлади Шоисломов.
Мавзуга оид
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
22:35 / 26.08.2024