Спорт | 12:25 / 01.11.2019
5186
4 дақиқада ўқилади

Токио олимпиадасига жами 135та йўлланма қўлга киритиш режалаштирилган — МОҚ

Бугун, 1 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари, қатор таниқли спортчилар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2019 йил 4 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар бўйича видеоселектор мажлисида турли вазирлик ва идоралар, хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олдига ҳам аниқ вазифалар юклатилган эди.

Олимпия спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциация) фаолияти, хусусан, спорт курашлари ассоциацияси, таэквондо WTF ҳамда сув спорти турлари федерациялари, ўқ отиш спорти ва оғир атлетика федерациялари ва Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияларининг фаолияти танқидий кўриб чиқилди.

Тадбирда спортчиларга яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, олимпия спорт турлари бўйича республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолиблари (1-2-3-ўрин совриндорлари) бўлган спортчи-ўқувчиларни олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида имтиёзли равишда имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тартиби жорий этилди.

Бунда, ҳар бир олий таълим муассасасига йиллик қабул квоталаридан ташқари ғолиб спортчилар учун исталган таълим йўналишига кириш ҳуқуқи билан 15-20тагача имтиёзли ўрин ажратилади.

Тадбирда иштирок этган МОҚ маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов Токио олимпиадасида ҳам марра жуда юқори олинганини, ҳозирча мақсад нечта олтин медаль олиш эканлиги бўйича гапириш тўғри эмаслигини билдирди. Шунингдек, Токио олимпиадасига паралимпиада билан қўшиб ҳисоблаганда 135та лицензия олиш кўзланаётгани, октябрь ойига қадар 22та лицензия олингани, бу Рио-де-Жанейро олимпиадасининг шу даврига нисбатан 10тага кўп эканлиги айтилди.

Kun.uz мухбирининг «юқори кўрсаткич кўрсатган спортчиларнинг ОТМларга давлат гранти билан имтиёз асосида қабул қилиниши абитуриентларга мўлжалланган умумий квотадан алоҳида бўладими ёки шу квотанинг маълум қилсмини эгаллайдими?» деган саволига Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фан, спорт ва таълим муассасаларини илмий таъминлаш бўлими бошлиғи Авазбек Ҳасанов жавоб берди.

«Белгиланган бу квота алоҳида қўшимча тарзида бўлади ва умумий абитуриентлар квотасига таъсир қилмайди. Шунингдек, юқори кўрсаткич кўрсатган спортчиларнинг устоз-мураббийларига бериладиган имтиёзларга тўхталсак, маълумки уларнинг мураббийлари кўп бўлиши мумкин, яъни турли босқичларда турли мураббийлар бўлади. Имтиёзлар спортчини айнан олимпиадага тайёрлаган, олиб чиққан ва юқори натижасида иштирок этган мураббийга берилади», дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Ёзги олимпиадада Ўзбекистон делегацияси таркибида 70 нафар спортчи 14та спорт турида мамлакат шарафини ҳимоя қилиб, якунда 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза қўлга киритилган, умумжамоа ҳисобида 21-ўрин (Осиё миқёсида тўртинчи, МДҲ миқёсида иккинчи натижа) қўлга киритилганди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид