Спорт | 16:22 / 02.11.2019
7291
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Африка регби бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Фото: AFP/Getty Images

Японияда регби бўйича тўққизинчи жаҳон чемпионати якунланди.

Финалда Англия ва Жанубий Африка Республикаси регбичилари тўқнаш келишди. 

Жиддий курашларга бой тарзда ўтган баҳсда африкаликлар 32:12 ҳисобида ғалаба қозонишди. Улар таркибида Мапимпи ва Колби биттадан муваффақиятли «уриниш»ни амалга оширди. Қолган очколар жарима зарбаларидан кейин қўлга киритилди.

Натижада Жанубий Африка миллий жамоаси ўз тарихида учинчи марта жаҳон чемпиони бўлди (1995, 2007, 2019).

Учинчи ўрин учун баҳсда Янги Зеландия 40:17 ҳисобида Уэльсни енгди.

Маълумот ўрнида, регби бўйича жаҳон чемпионати ҳар 4 йилда бир марта ўтказилади. Мусобақада Янги Зеландия (1987, 2011, 2015), Австралия (1991, 1999) ва Англия (2003) ҳам ғалаба қозонган. Кейинги жаҳон чемпионатига 2023 йили Франция мезбонлик қилади.

Регби бўйича жаҳон чемпионати
Япония – 2019
1 ноябрь
3-ўрин учун баҳс
Янги Зеландия – Уэльс 40:17 

2 ноябрь
Финал 
Англия – Жанубий Африка 12:32

Мавзуга оид