Ўзбекистон | 15:08 / 02.11.2019
20976
2 дақиқада ўқилади

Турдимов: «Айрим жойларда симёғоч электр симини эмас, симлар симёғочни ушлаб турибди»

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов журналистлар билан учрашувда электр таъминотидаги муаммоларни маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, вилоятдаги электр устунларнинг 61 фоизи ҳамон ёғоч устунлар бўлиб, улар ҳам аллақачон вазифасини ўтаб бўлган. Сўнгги 10 ойда уларнинг 13 000 таси алмаштирилган. 

Шунингдек, вилоятда 10 мингдан зиёд трансформаторлар бўлса, уларнинг тенг ярми ҳам эскириб кетгани маълум қилинди. Сўнгги тўққиз ойда бу трансформаторлардан 238 таси алмаштирилган. 

“Шу сабабдан ҳам битта ёмғир ёғса электр таъминотида қатор муаммолар юзага келмоқда. Айрим жойларда симёғоч электр симини эмас, симлар симёғочни ушлаб турибди.

Соҳадаги яна бир катта муаммолардан бири – дебитор қарздорлик. Суриштириб кўрсангиз, коммунал хизматлардан қарздорларнинг аксарияти оддий одамлар эмас. Ҳашаматли уй-жойларга эга, аммо электрдан қарздор. Бугунга келиб вилоятда электр энергиясидан дебитор қарздорлик 21 миллиард сўмга етган”, - дейди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Вилоят раҳбари мазкур муаммога тўхталаркан, бу масалада жамоатчилик назоратининг ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Анжуманда электр энергиясини ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) ҳақида ҳам сўз борди. 

“Қатор давлатлар бу тизимга ўтганига 10 йиллар бўлиб кетди. Янги тизимда қарздорлик деган тушунча бўлмайди. Аммо бизда АСКУЭга ўтиш чўзилиб кетди. Баъзан фуқароларнинг ўзи ҳам норозилик билдирган ҳолатлар бор. Тизим ўта сезувчан, энг кам энергия сарфини ҳам ҳисобга олади, маблағ тугаса автоматик тарзда ўчади. Инсон аралашуви бўлмайди. Аслида, инсон фактори бор жойда келишувчанлик бўлади”, - дейди Э.Турдимов.

Мавзуга оид