Ўзбекистон | 14:23 / 04.11.2019
31702
4 дақиқада ўқилади

Kun.uz мухбири ким? — сохта мухбирларга дуч келиб қолмаслик учун эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар

Фото: KUN.UZ

Kun.uz интернет нашри тобора оммалашиб, кундан-кунга халқ эътиборини қозониб бормоқда. Сайтимизда аллақачон ўнлаб тажрибали ва ёш ижодкорлар меҳнат қилишмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар баҳоли қудрат ўрганилмоқда, журналистик текширувлар ўтказилиб, сайтда турли мақолалар ва видеорепортажлар кўринишида ёритиб борилмоқда.

Айни пайтда Тошкентдаги бош таҳририятдан ташқари Андижон (водий вилоятлари бўйича), Самарқанд (марказий ва жанубий вилоятлар бўйича) ва Хоразм вилоятларида мухбирлик пунктларимиз фаолият кўрсатмоқда. У ерда ҳам журналистлар мурожаатлар тушган манзилларга ва қайноқ воқеа жойларига тезкорлик билан етиб бориб, вазиятни ёритишга ҳаракат қилишмоқда.

Kun.uz журналистларининг кўплаб танқидий мақолалари ва репортажларидан сўнг кўплаб муаммолар қонуний ҳал этилишига йўл очилган. Бу, албатта, кишини хурсанд қилмасдан қолмайди. Зеро, меҳнатларимиз самарасиз кетмаяпти.

Бироқ, фаолиятимиз давомида Kun.uz номидан иш кўрувчи сохта мухбирлар ҳам пайдо бўлаётгани ҳақидаги маълумотларни эшитмоқдамиз. Уларнинг таҳририятга ҳеч бир алоқаси бўлмаса-да турли ташкилот ва идоралар эшигини Kun.uz номидан бориб тақиллатишмоқда.

Бундай сохта мухбирларнинг асосий мақсади бирор муаммога ечим йўлини ахтариш эмас, йўқ жойдан камчилик топиб, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини республиканинг энг довруғ қозонган сайтига олиб чиқиб шарманда қилиш билан қўрқитиб, товламачилик қилаётгани кишини ҳам ғазаблантиради, ҳам таажжубга солади.

Боз устига, ундайлар «ишингни ҳал қилиб бераман», деб мурожаатчилардан ҳам турли харажатлар учун пул олишаётгани ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Жумладан, водий вилоятларида турли ташкилотларга «Kun.uz мухбириман» деб кириб бораётган шахс ҳақида маълумотлар келганда бу шахснинг кимлигини аниқлашга уриниб кўрдик. Айрим маълумотлар тўпладик ва кузатишда давом этмоқдамиз.

Бошқа вилоятларда ҳам Kun.uz’га чиқараман, деб раҳбарларнинг олдига турли шахсий масалаларда кириб кетаётган шахслар ҳақида маълумотлар келиб турибди.

Яна бир вилоятда Kun.uz номини сотиб, катта миқдорда пул тама қилганлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлангани ҳақидаги хабар етиб келди. Айни пайтда тергов ишлари кетаётгани боис, ушбу воқеа ҳақида батафсил маълумот беришни лозим топмадик. Тергов якунлангач, воқеа иштирокчилари айбдор деб топилсагина бу ҳақида батафсил ёритишга қарор қилдик.

Бу каби воқеалар сайт нуфузига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги, шу сабабли юқоридаги каби шахсий манфаат, тамагирлик ва товламачилик каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таҳририят штатида турган журналистлар ва мухбирлар ҳақидаги маълумотлар Kun.uz жамоаси бўлимида жойлаштирилди.

Хўш, Kun.uz мухбирини қандай таниб олиш мумкин?

Мурожаатчилар билиши керакки, сиз таҳририятга йўллаган мурожаатни ўрганиш учун Kun.uz мухбири сиздан ҳеч қандай пул ёки хизмат талаб қилмайди. Барча харажатлар таҳририят ҳисобидан қопланади.

Раҳбарлар ёки мутасаддилар ҳузурига борган Kun.uz мухбири аввало ўзини таништириб, албатта сайт томонидан тақдим этилган хизмат гувоҳномасини кўрсатади ёки унинг сайт томонидан тақдим этилган хизмат бейжиги бўлади.

Юқоридаги суратларда тасвирланган гувоҳнома ёки бейжик эгасини сайтга кириб, таҳририятда ишлаш-ишламаслигини текшириб кўриш мумкин.

Агар сизнинг ҳузурингизга Kun.uz’да ишлайман деб борган мухбирнинг исм-фамилияси ва фотосурати таҳририят аъзолари рўйхатида бўлмаса, демак у Kun.uz’дан эмас. Ушбу ҳолатда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.

Ҳушёр бўлайлик ва бир-биримизни асрайлик, азизлар!

Мавзуга оид