Ўзбекистон | 23:30 / 04.11.2019
25870
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда интернет тезлигини ошириш учун қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистонда 2019 йилда 10 минг, 2020 йилда 20 минг км оптик толали линиялар қурилади, дея маълум қилди соҳа вазирлиги расмийси.

Фото: Fotolia

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов яқинда Москвадаги «Очиқ инновациялар - 2019» форумида Ўзбекистондаги интернет тезлиги ҳақида гапириб, республика аҳолисининг ярми истиқомат қиладиган қишлоқларни рақамли инфраструктура билан қамраб олиш муаммо бўлаётганини айтганди.

Kun.uz мухбири 4 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бош вазир айнан қандай муаммоларни назарда тутгани, мавжуд муаммолар қандай ҳал қилиниши билан қизиқди. 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг айтишича, 2020 йилнинг охиригача Ўзбекистонда рақамли инфраструктурадан фойдаланувчилар улушини ўртача 65 фоизга олиб чиқиш кутилмоқда.

«Республика бўйича 786 минг портга тенг кенг полосали технологияларга асосланган ускуналар ўрнатилди. Албатта, бу кам. Жойларда рақамли инфраструктурани янада кенгайтириш учун йил якунига қадар 620 минг портга тенг бўлган қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича нуфузли компаниялар билан биргаликда контрактлар имзоланган. Шу лойиҳаларни амалга ошириш билан оптик толали линиялар яна қўшимча қурилади.

Агар рақамда айтадиган бўлсам, 2019 йилнинг ўзида 2000 километрли режани 10 000 километр қилиб бажаряпмиз йил якунигача. 2020 йилда роппа-роса икки баробар, яъни 20 000 километрга яқин оптик толали линиялар қуришни режага киритганмиз. Шунда биз рақамли инфраструктурадан фойдаланувчиларнинг сонини ўртача 65 фоизга олиб чиқамиз», – деди Қаҳрамон Йўлдошев.

Мавзуга оид