Ўзбекистон | 12:29 / 04.11.2019
4959
3 дақиқада ўқилади

Роман Абрамович асос солган музейда Савицкий музейи асарлари намойиш этилади

Фото: garagemca.org

2020 йил 29 январдан 17 майгача “Гараж” замонавий санъат музейи (Россия Федерацияси) томонидан ташкил этиладиган кўргазмада И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи коллекциясидаги экспонатлар намойиш этилади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Қайд этилишича, бу Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросини хорижда кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги халқаро маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шунингдек жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг ноёб музей тўпламлари билан таништириш мақсадида амалга оширилади.

Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг 2020 йил 29 январдан 17 майгача “Гараж” замонавий санъат музейи (Россия Федерацияси) томонидан ташкил этиладиган кўргазмада И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи коллекциясидаги экспонатларнинг иштирок этиши тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

а) Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кўргазмани ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ташкилот, шу жумладан жалб этилган вазирликлар ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш учун жавобгар орган.

б) Кўргазмани ташкил этиш ва ўтказиш учун тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Жамғарманинг бюджетдан ташқари маблағлари;

хайрия ва ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Кўргазмага юбориладиган музей экспонатларига вақтинчалик олиб чиқиш учун рухсатномалар беради;

Кўргазма давомида музей экспонатларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Маданият вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Россия Федерацияси Ҳукуматидан музей экспонатларининг қайтарилиши ва сақланиши кафолатларини олишни таъминлаши айтилади.

Маълумот учун: “Гараж” замонавий санъат музейига 2008 йилда Дарья Жукова ва Роман Абрамович асос солишган. Музей Москвадаги Горький боғида жойлашган бўлиб, Москва музейлари орасида ташриф буюришлар сони бўйича бешинчи ўринни эгаллайди. 2018 йилда музейга 818 минг киши келган.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид