Жамият | 14:42 / 05.11.2019
11719
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда икки кунда 3та пичоқбозлик ҳолати содир бўлди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилоятининг Қува туманида 2 ноябрь соат 02.10ларда М.Ҳ. «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қосим карвон» фермер хўжалиги дала майдонида ўзаро жанжал оқибатида «Тошҳовуз» МФЙ Ёшлик кўчасида яшовчи Ж.М.нинг иккала оёғига ва белига пичоқ билан уриб жароҳат етказган. 

«Постда» нашри хабарига кўра, натижада Ж.М. касалхонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, шу ерда ҳаётдан кўз юмган Ж.С. эса қўлга олинган.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 1 ноябрь соат 20.30ларда «Кўкёр» МФЙда яшовчи, муқаддам судланган Ж.Х. ошхонада ўзаро жанжал оқибатида маҳалладошлари Ш.А. ва О. Ш.ни дўппослаб, воқеа жойидан кетиб қолган. 

Шундан сўнг Ш.А. укаси М.А. билан бирга Ж.Х.нинг уйига масалани ҳал қилиб олиш учун боришади. Ж.Х. маст ҳолда уйи деразаси орқали кўчага чиқиб, М.А.нинг чап сонига ҳамда Ш.А.нинг кўкраги, чап биқини, елкаси ҳамда чап билагига пичоқ уриб жароҳат етказган. Натижада ака-укалар касалхонага ётқизилган. Ж.Х. эса ушланган.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 1 ноябрь соат 21.30ларда Янгитурмуш маҳалласида яшовчи Ф.М. маст ҳолда Аэропорт маҳалласида жойлашган «Дийдор» тўйхонаси олдида ўзаро жанжал пайтида шу ерлик С.Р.нинг қорнига пичоқ уриб жароҳат етказган. С.Р. касалхонага ётқизилган. Ф.М. эса ушланган.

Ҳар учала ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид