Ўзбекистон | 14:18 / 05.11.2019
16246
3 дақиқада ўқилади

Йил охиригача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда

2019 йил охиригача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда. Бу ҳақда 4 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев маълум қилди.

Унинг айтишича, 2019 йилнинг 9 ойида оператор ва провайдерлар учун интернет тармоғига уланиш хизматлари нархи 29 фоизга арзонлашди ва ҳозирги кунда 1 мбит учун 70 минг сўмни ташкил қилмоқда. Албатта бу чегара эмас.

Вазир ўринбосарининг билдиришича, ўтган йили «Ўзбектелеком» томонидан йирик лойиҳа амалга оширилган бўлиб, унга кўра халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилияти 10 баробар кенгайтирилган. Ҳозир ўтказувчанлик қобилияти 1,2 гигабит тезликка тенг.

«Интернет хизматлари нархининг тушишида бир-бирига боғлиқ бўлган кўп омиллар бор. Бугунги кунда республикадаги йирик оператор ва провайдерлар томонидан хизматга бўлган талабдан келиб чиқиб марказнинг фойдаланиш фоизи ортиб бормоқда. Юклама ортиб бориши билан бирга тенг равишда сотиб олинаётган интернет каналларининг ҳажми ҳам ортиб боради. Шу муносабат билан операторлардан олинаётган нархнинг қиймати ҳам тушириб борилади.

Айтмоқчиманки, агар 2019 йилнинг 9 ойида 29 фоиз арзонлашган бўлса, йил якунигача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда», дея АКТ вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари интернет хизматларига кундан-кунга талаб ортиб бораётганини инобатга олиб, вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Тармоқ шунақа жадал суръатлар билан ривожланяптики, яқин бир неча йил ичида халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш лойиҳасининг кейинги босқичини давом эттирмасак, талабни қондира олмай қолишимиз эҳтимоли ҳам бор. Шунинг олдини олиш учун ҳозирги кунда яна иккинчи босқичдаги техник лойиҳа устида иш олиб борилмоқда», дейди Қаҳрамон Йўлдошев.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Ўзбекистонда мобиль алоқа етиб бормаган 478та аҳоли пункти борлиги, 2020 йилнинг охиригача рақамли инфраструктурадан фойдаланувчилар улушини ўртача 65 фоизга олиб чиқиш кутилаётгани ва 1 апрелидан 1 ноябрга қадар қарийб 29 млн мобиль қурилма UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мавзуга оид