Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америкалик пастор: диний эътиқод эркинлиги бир мартада ва бир умрга таъминланадиган нарса эмас
4 ноябрь куни Ўзбекистонда АҚШ, Украина ва Қозоғистондан ташриф буюрган делегациялар иштирокида ҳуқуқ ва диний эркинликлар устуворлиги масалалари бўйича тўрт кунлик семинар бошланди.
Қўшма Штатлардан келган спикерлар Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида юз бераётган ўзгаришларни ижобий баҳолади.
«Ушбу учрашув бундан уч йил илгари бошланган ўзбек-америка мулоқотининг мантиқий давоми деб ҳисоблайман. Аввалги йили БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни таклиф этгандик. Унга Ўзбекистонда ўзи истаган киши билан учрашиш имкониятини тақдим этдик, ҳатто «Жаслиқ» махсус колониясига олиб бордик. Бу йил Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан мазкур колония фаолияти тўхтатилди. Бу ҳам ўзбек-америка ҳамкорлигининг натижаларидан биридир», - деди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори Акмал Саидов.

Глобал жалб этиш институти (IGE) президенти Крис Сайпл ҳам Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолади.
«Ўзбекистон яхши ният ва очиқ кўнгил билан улкан ҳаракатларни амалга оширди ва биз сизлар билан бирга қадам ташлашдан ҳамда сизларни қўллаб-қувватлашдан хурсандмиз. Кўплаб ишлар қилинди, аммо олдинда яна кўп ишлар турибди», - деди IGE президент.

АҚШдан келган меҳмонлар пасторлар ва имомларнинг ҳамкорликдаги иш тажрибаси тўғрисида сўзлаб беришди.
«Ҳеч қачон имом билан ишлайман деб ўйламагандим, пасторлар билан ҳа, аммо имом билан эмас. Биз бир-биримизга ёмон муносабатда бўлишимиз мумкин эди, аммо бу динларимизга тўғри келмаган бўларди, зеро динларимиз бир-биримизни севиш ва ҳурмат қилишга чақиради. Аввалига ҳамкасб эдик, сўнгра дўстлашдик ва бир-биримизга ғамхўрлик қила бошладик, - деди Норт Вуд черкови пастори Боб Робертс.

«Аммо муаммолар сизнинг ҳам, менинг ҳам мамлакатимда доим учрайди. Диний эътиқод эркинлиги бу бир мартада ва бир умрга таъминланадиган нарса эмас, бунинг устида доим ишлаш керак. Ўзбекистонда мусулмонлар, христианлар ва яҳудийлар ҳар доим қийинчиликка дуч келишган. Аммо ўйлашимча, Ўзбекистон ҳақида шуни билиш жуда муҳимки, бу ҳудудда барча динлар фаровонликда мавжуд бўлган ва фақат советлар даврига келиб ҳамма нарса ўзгариб кетган», - деб қўшиб қўйди Робертс.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнида АҚШ 13 йил ичида илк бор Ўзбекистонни жиддий хавотир уйғотувчи давлатлар рўйхатидан чиқарди.
Мавзуга оид
21:51 / 19.02.2025
Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонда қидирувга берилди
18:27 / 31.01.2025
Диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси муҳокамага қўйилди
14:56 / 31.01.2025
Депутатлар диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқди
19:53 / 15.10.2024