Жамият | 18:00 / 06.11.2019
9494
5 дақиқада ўқилади

«Бештеракка - трансформатор керак!»: Избоскан туманидаги маҳалла муаммоси ҳақида

Мурожаат бўйича Андижон вилоят Избоскан тумани «Беш-Терак» маҳалласида бўлдик.

Маҳалланинг Камолиддин Беҳзод кўчасида 45та хонадон истиқомат қилади. Ҳудудга етиб борганимизда ўз дардини айтгани маҳалла вакилларининг бир гуруҳи тўпланди.

«Бештерак» аҳли ўн йиллардан бери электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қийналиб яшамоқда. Аҳоли вакиллари бирин-кетин арз қила бошлашди.

«Маҳалламиз узоқ йиллардан бери «Водхоз»га қарашли бўлган эски трансформатордан фойдаланиб келар эди. 2016 йил қиш пайтида бу ускуна катта кучланиш ҳисобига ишдан чиқиб, ёниб кетди. Ўшанда уч ой токсиз яшаган эдик. Аҳволимизни тушунган маҳалла ёнига жойлашган 7-умумтаълим мактаб директори, ўқувчиларнинг уйда дарс тайёрлаши учун муассаса ҳудудидаги трансформатордан уланишига рухсат берган. Мана уч йилдирки, мактаб трансформаторидан фойдаланиб келамиз. Лекин, бу ускунанинг қуввати ўта паст.

Токнинг кучсизлигидан музлатгич, кир ювиш машинаси, кондиционер, чангюткич, дазмол, «Тефал» (сувқайнатгич) каби маиший жиҳозларни ишлата олмаймиз. Кундузи туш пайтида электр қуввати сал кўтарилганида дазмол қизийди. Шунда кийимларимизни текислаб оламиз. Маҳаллага ичимлик суви тизими тортилмагани сабабли, ўзимиз кавлаган сув қудуқларидан фойдаланамиз. Қудуқдан сувни тортиш учун қўйилган «мотор»ларимиз ҳам электр қуввати пастлигидан ишламайди. Симёғочларимиз қўлбола. Жуда қийналиб кетдик.

Шу йил август ойида ишчи гуруҳи маҳалламизга келиб, ҳолатни ўрганди. Улар «Янги трансформатор қўямиз. Янги ҳаво линияси тортамиз, симёғочлар яқинидаги барча теракларни кесинглар!», дея ваъда беришганида роса қувондик. Мен уйма-уй юриб ҳар бир хонадонга айтиб, теракларни кестирган эдим. Мана ноябрь ойи келди, ҳали иш бошлашгани йўқ. «Теракларни кесинглар» деганим учун, ҳамма мендан хафа. Туман «электросет»га ўн мартадан кўпроқ бордим. Фойдаси йўқ», дейди Ғолибжон Мўминов.

Одамлар музлатгич ишлатишга ҳам қўрқиб қолишган.

«Сув «мотори» варрагини қўл билан айлантирсак, кейин ишлайди.  Кондиционери борлар ҳам фойдалана олмаяпти. Кечқурунлари ток пастлигидан қийналамиз, чунки хира чироқлар ток бир меъёрда эмаслиги сабаб тинимсиз пирпираб туради. Музлатгичларимиз кўп бора куйганидан ишлатгани қўрқяпмиз», дейди маҳалла фуқароларидан Муроджон Эргашев.

Маҳалла вакиллари муаммо юзасидан бир неча бор туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, туман ҳокимлигига мурожаат қилишган.

«Шу йил сентябрь ойи охирларида маҳалладан вакил бўлиб Андижон вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ўринбосари Бобиржон Каримовнинг олдига бордим. У Избоскан туман электр корхонаси раҳбари Шерзод Ҳожибековни вилоятга чақирди. Бирга гаплашдик. Бобур Каримов муаммолар бир ҳафта ичида ҳал бўлишини ваъда қилди. Бундан кейин тумандаги мутасаддиларга мурожаат қилишимни айтди. Орадан икки ҳафта ўтди, келишмади. Иккинчи марта вилоятга борганимда ҳам ишимиз ҳал бўлмади. Туман ҳокимлигига ҳам ариза қилдик. Энди муаммо бўйича қаерга боришимни билмай қолдим», дейди яна бир фуқаро Маҳмуджон Акбаров.

Мурожаатчилар билан суҳбатлашиб турганимизда маҳалла раиси Акрамжон Юсупов келиб қолди. Оқсоқол маҳаллада электр энергияси бўйича муаммо борлигидан хабардор экани, ўзи ҳам бир неча бор туман электр тармоқларига мурожаат қилганини айтиб, ушбу камчилик Дастурга киритилиб, босқичма-босқич амалга оширилишини таъкидлади.

Туман ҳудудий электр тармоқларида

Масала ечимини туман электр тармоқлари корхонасидан изладик. Ташкилотга борганимизда раҳбар Шерзодбек Ҳожибеков хонасида йўқ экан.    

Мутасадди билан телефон орқали боғландик. У бу масала бўйича корхона бош муҳандиси Сарварбек Маъмуров орқали изоҳ олиш мумкинлигини айтди.

Бош муҳандисга «Беш-Терак» маҳалласидаги электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўйича савол бердик.

«Маҳалладаги электр таъминотида мавжуд муаммолар ҳал этилиши учун  керак бўлган трансформатор, симёғоч ва ҳаво линияси учун симлар вилоят ҳудудий электр тармоқлари томонидан марказлашган ҳолда молиялаштирилади. Қачон маблағ ажратилса сўнг иш бошланади», дея жавоб берди у.

Ўрганиш давомида ўн йилдан буён хира чироқда, маиший уй анжомларни ишлата олмай хуноб бўлаётган «Беш-Терак» аҳолисининг муаммоси қачон ҳал бўлиши ҳақидаги саволга жавоб топилмади.

Инсонлар фазога учиш ҳақида ўйлаб, роботлардан фойдаланаётган бир пайтда Избоскан туманидаги «Беш-Терак» маҳалласида аҳоли 10 йилдан бери фарзандларининг кийимини дазмоллашга қийналиб яшамоқда.

Умид қиламизки, мақоладан сўнг мутасаддилар «Беш-Терак» маҳалласидаги мавжуд муаммони тез кунларда ҳал этиш чорасини излаб кўришади.

Сарварбек Назаров

Мавзуга оид