Ўзбекистон | 14:30 / 07.11.2019
100800
2 дақиқада ўқилади

ДХХ раиси Сурия ва Ироқдан террорчиларнинг қайтиши таҳдиди ҳақида гапирди

Абдусалом Азизов/Фото: KUN.UZ

Сурия ва Ироқ ҳудудида жанг қилган жангарилар ўз террорчилик фаолиятини давом эттириш учун ватанларига қайтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Тошкентда МДҲнинг хавфсизлик ва махсус хизмат органлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, Сурия ва Ироқдаги муваффақиятли аксилтеррор кампанияси фонида халқаро террорчилик ташкилотларининг бошқа «қайноқ» нуқталарга, шу жумладан, Афғонистонга кўчиши қайд этилмоқда.

«Халқаро терроризм жангарилари террорчилик фаолиятини давом эттириш учун доимий яшаш жойларига қайтишга ҳаракат қилмоқдалар», - деди Азизов.

ДХХ раисининг билдиришича, бунда меҳнат миграциясининг ҳам ўз ўрни бор.

«Меҳнат миграцияси омили мамлакатларимиз фуқароларининг диний экстремистик ва халқаро террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб қолишларига шароит яратмоқда», - деди ДХХ раҳбари.

МДҲ махсус хизматларининг раҳбарлари йиғилиш давомида халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар контрабандаси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, МДҲда миллатлараро ва диний адоват қўзғатилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Бундан ташқари, учрашув қатнашчилари Афғонистондаги вазиятнинг Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликка таъсири нуқтаи назаридан муҳокама қилдилар. 

Мавзуга оид