Ўзбекистон | 16:30 / 07.11.2019
70580
2 дақиқада ўқилади

Светлана Ортиқова Бош прокуратурага қайтди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбариятида янги тайинлов амалга оширилди.

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Светлана Боймирзаевна Ортиқова Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари этиб тайинланди.

Светлана Ортиқова 1962 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 1987 йили ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос, 1993 йилдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида турли лавозимларда ишлаган. 

У 2010-2014 йиллари Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган, шунингдек, 2010 йилдан 2015 йилгача Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Светлана Ортиқова Сенатда 2015 йилдан 2019 йилга қадар Сенатга раислик қилган Ниғматилла Йўлдошевга ўринбосарлик қилган эди. Ниғматилла Йўлдошев 2019 йил июнида Ўзбекистон бош прокурори этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиев Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланганди.

UPD: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Светлана Боймирзаевна Ортиқованинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Президентнинг яна бир фармонига асосан Светлана Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Мавзуга оид