Ўзбекистон | 19:00 / 08.11.2019
99558
7 дақиқада ўқилади

«Туркияга ўйнагани кетганимиз йўқ эди...» Мигрантлар муаммоси Нодира Қодирова оиласи мисолида

Хориждаги миллионлаб ватандош – бир-бирига ҳам ўхшаш, ҳам фарқли миллионлаб тақдирлар демакдир. Нодира Қодирова воқеасини ҳам меҳнат мигрантларининг алоҳида қатлами шаклланиб улгурган ўзбек жамиятидаги муаммолардан айро ҳолда таҳлил этиб бўлмайди.

Депутатнинг уйида ҳақиқатан суицид бўлганми ёхуд қотиллик, деган савол қанчалик актуал бўлса, мигрантлар билан боғлиқ навбатдаги фожиа – 23 ёшли қизнинг ўлимидан биз қандай хулоса қиляпмиз, деган савол ҳам шунчалик муҳим.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қаршибоев билан суҳбатимиз бизни ана шундай хулосага ундади.

«Биз у ёқларга ўйнагани кетганимиз йўқ эди. Ишлаш учун, уй олайлик деб, йўқчилик туфайли кетгандик. Ўз ватанида, оиласи бағрида, дўст-биродарларига қўшилиб юришни, тўй-маъракаларга қатнашишни ҳар ким ҳам хоҳлайди...» – дейди сўнгги 5 йил давомида Туркияда меҳнат муҳожири бўлган Қаршибоев.

Суҳбатимизнинг биринчи қисмида Муҳаммадали бевосита воқеа тафсилотларини сўзлаб берган эди. Интервью жиззахлик оиланинг ўтмиши ва бугуни, ака-сингилнинг Туркияга бориб ишлаши сабаблари ва Қаршибоевнинг мусофирчиликдаги ҳаёти каби мавзуларда давом этди.

Суҳбатнинг биринчи қисми: «Синглим ақли заиф ҳам, фоҳиша ҳам эмасди!»

Ака-сингилни Туркияда ишлашга нима мажбур қилди?

– Оилада тўрт фарзандмиз – уч қиз, бир ўғил. Икки опам турмушга чиққан. Кенжамиз, она синглим Нодира раҳматли бўлди. Отам вафот этганлар, жойлари жаннатдан бўлсин. Жиззах вилоятида доимий рўйхатда турамиз, ҳозир Тошкентда ижарада истиқомат қиляпмиз.

Оилавий шароитимиз оғирлиги туфайли охирги беш йил давомида Туркияда ишладим. Олаётган маошим рўзғордан ортмасди. Икки опам турмушга чиққан, оилада ота-онам ва синглим бор эди. Уч йил олдин вафот этган отам меҳнат қила олмасдилар – оғир касалликка чалингандилар. Дори-дармонга кўп пулимиз кетиб қоларди. Ҳатто амакимлар, дўст-у биродар, қариндошлардан қарз ҳавола қилиб... Бу қарзларни шу пайтгача ҳам уза олганимиз йўқ. Аллоҳ соғлик берса, узамиз, аввало отамнинг соғлигига қарайлик, деган мақсадда уларнинг дори-дармонига пул топиш учун чет давлатга кетганман.

Беш йил Анқарада ишладим. Ойлигим рўзғордан, дори-дармондан ортмасди. Сўнг оиламиз билан маслаҳатлашган ҳолда синглим Нодирани олдимга чақиришга мажбур бўлдим. Яъни ўзи берган таклифдан, оилавий шароитимиздан келиб чиққан ҳолда. «Ака, топган пулингиз рўзғордан ортмаяпти. Олдингизга борай. Икки кишилашиб ишлайлик. Биримиз топган пул дорига кетса ҳам, биримизники йиғилади», дегач, Нодира синглимни ёнимга чақирдим.

Нодира иш жойи – Унал оиласи ҳақида қандай фикрда эди?

– Ширин Унал Нодира ишлаётган пайтида уни қизимдек бўлиб қолди, дерди. Ўлганидан кейин ёмонга чиқариши инсонийликдан эмас.

Синглим билан хўжайинининг характери ҳақида баъзида гаплашиб турардик. Муомаласи қанақа, деб сўраганимда: «Ака, менга мукофот берсангиз бўлади, бу ерда жуда кўпчилик ишлаб кетган экан, бу одамнинг характерига ҳеч ким дош бера олмаган экан. Характерлари ўта оғир», деганди.

Нодира бу ишдан кетаман, деб айтишга қўрқарди. Хаста хонимни парваришлаш асносида бели оғриб қолгач, бир марта кетмоқчилигини айтган экан. Лекин оила рози бўлмаган. «Касал аёлим сенга ўрганди, қизимга ҳам дугонадай бўлиб қолдинг, оиламдагилар сени ҳурмат қилишади, кетмай қўявер», деган экан ўшанда Ширин Унал.

Шундан кейин синглимни ўзимиз даволатамиз деб, касалхонага олиб боришди. Оғир ишлар учун бошқа бир алоҳида хизматчи олишларини, синглим овқат қилиш каби енгил юмушлар билан шуғулланишини айтишган. Кейинроқ андижонлик Ҳилола исмли қизни ишга олишди.

Синглим телефон қилиб: «Оиланинг раъйига йўқ дея олмадим, Ширин Унал ўқишга киришингга ҳам ёрдам бераман, деб айтди. Ўқишга кирсам бўлди, мендан бахтли инсон бўлмасди», деганди.

Уналнинг хаста рафиқасини эса Нодира жуда ҳам яхши аёл деб таърифлаганди. Синглим хўжайини ва унинг қизи ҳақида ижобий фикрда бўлмаса ҳам, аммо ўзи парваришлаётган аёлни жуда ҳам ҳурмат қилишини айтганди.

Турмушга чиқиш ҳақида гаплашганимизда: «Йўқ, ака, ҳали бор. Турмушга чиқиш ҳақида умуман ўйламаяпман, фақат ўқийман, ўқишга кираман – орзум ушалсин», дерди.

«Отамнинг жанозасига кела олмадим...»

– [Уч йил олдин] ишлаётган жойимдан ойлигимни ола олмагандим. Маошимни талаб қилганим учун мени ишдан ҳайдашди. Садақа сўраганим йўқ эди, ўз иш ҳақимни беринглар, дегандим.

Уйдагилар билан телефонлашиб тургандик. Онам дори-дармонга пул жўнатишимни сўради: «Отанг кундан-кунга оғирлашиб боряпти...»

Жами икки ойлик маошимни беришлари керак эди. У пайтда 1,5 минг лирага (ҳозирги курсда $250дан бироз кўпроқ – таҳр.) ишлардим. 3 минг лира беришлари керак эди, беришмади. Ҳақимни сўраганим учун ишдан бўшатишди.

Квартирамга борсам, у ердаги йигитлар ўртасида жанжал чиққан, шикоят тушган, «участковой» босган... Квартирамдан ҳам чиқдим.

Ҳам ишимдан айрилдим, ҳам квартирамдан. Қўлимда пулим йўқ. Шу орада онам телефон қилди. Бақириб йиғлаяпти: «Муҳаммад, тез орқангга қайт, билетингни ол, даданг хайрлашяпти, сени кўрмоқчи...»

Телефонни ўчирдим. Қаерга боришимни, нима қилишимни билмайман. Пулим йўқ. Сумкам билан кўчада қолдим.

Отамнинг жанозасига етиб кела олмадим. Армон бўлиб қолди.

Анча йилдан буён хаста эдилар. Инсульт. Баданларида фалажлик бор эди. Аввалига ҳассада юрардилар. Кейин, дори-дармонлар етказа олмаганимиз сабабли, аҳволлари кундан кунга оғирлашиб бораётганди.

«Ўйнагани кетмагандик...»

– Фақат мен боқувчи эдим. Хаста онам уй бекаси. Рўзғордан орттира олмаганимиз учун ҳам марҳума синглимни чақирган эдик. Биз у ёқларга ўйнагани кетганимиз йўқ эди. Ишлаш учун, уй олайлик деб, йўқчилик туфайли кетгандик. Ўз ватанида, оиласи бағрида, дўст-биродарларига қўшилиб юришни, тўй-маъракаларга қатнашишни ҳар ким ҳам хоҳлайди...

Мусофирчиликни кўрган билади. Осонмас. Чет элда юрган кўп фуқароларимиз бор, ҳаммасини Аллоҳим ўз паноҳида асрасин. Ўзларини эҳтиёт қилиб юришсин. Бунга ўхшаш воқеалар ҳеч кимнинг бошига келмасин.

Умрининг беш йилдан кўпроғини муҳожирликда ўтказган 26 ёшли Муҳаммадали Қаршибоев ортиқ чет элда ишламоқчи эмас. Онасининг юраги хаста, қон босими бор, энди уни ёлғизлатиб қўя олмайди.

Мавзуга оид