Жамият | 16:40 / 08.11.2019
22182
6 дақиқада ўқилади

«Бизда уй ҳам, пул ҳам йўқ» - ҳазораспликлар қурувчи ташкилотга алданиб қолишди

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчиларнинг бир гуруҳи уй-жой сотиб олиш учун пудратчи ташкилот билан шартнома имзолаб, унга кўп миқдорда пул ўтказиб бериб, якунда алданиб, уйсиз ва пулсиз қолишганидан шикоят қилишди.

Фото: KUN.UZ

Ҳазораспликлар уй билан таъминланишини ёки пулларини қайтариб берилишини истаб, ёрдам сўрашмоқда.

Тошкент шаҳрида ташкил қилинган «Asia Great Building» МЧЖ Ҳазорасп тумани ҳокимининг 2015 йил 19 сентябрдаги 1449к-сонли қарорига асосан, Питнак шаҳрининг «Навбаҳор» маҳалласида 72та хонадондан иборат иккита 4 қаватли замонавий уйларни қуриш ҳуқуқини қўлга киритган. Шундан сўнг, собиқ «GM Uzbekistan» корхонасида тарғибот ўтказиб, 2016 йил 31 декабрга қадар уйларни қуриб беришни ваъда қилган. Бунга ишонган одамлар «Asia Great Building» МЧЖ билан шартнома имзолаб, катта миқдордаги пулларни ҳисоб-рақамига ўтказиб беришган.

Аммо иморатлар ваъда қилинган вақтда қуриб битказилмаган. Олдин бу муддат бир неча марта сурилган, кейинчалик қурилиш ишлари умуман тўхтаб қолган.

2017 йилда «Asia Great Building» МЧЖ раҳбарлари ва баъзи ходимлари устидан жиноят иши очилади. Октябрь – ноябрь ойларида уларга айблов эълон қилиниб, ҳибсга олинади.

Суд компания раҳбариятини «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш», «Фирибгарлик», «Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш», «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш», «Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» жиноятларини содир қилганликда айбли деб топиб, турли муддатларга қамоқ жазосини тайинлаган. Судда аниқланишича, МЧЖ раҳбарлари томонидан жами 1 миллиард 68 млн сўм тўпланиб, шундан тахминан 960 млн сўми ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиниб, 27 фуқаро манфаатига зарар етказилган.

Жиноятчилар қилмиши учун жазоланишди. Аммо одамларнинг пуллари қайтарилмади. Бугунги кунда 27 нафар ҳамюртимиз адолат истаб, пуллари қайтарилиши ёки ваъда қилинганидек уй берилишини исташмоқда. Питнак шаҳрининг «Навбаҳор» маҳалласида 1400 кв.м. ҳудудда қурилиши тугалланмай қолган бино эса қаровсиз ҳолда ётибди.

Фирибгарлардан алданиб қолган фуқаролар – Азамат Аннаев 40 млн, Отаназар Садуллаев 29,7 млн, Рустамбой Собиров 31 млн, Шуҳрат Қурязов 60 млн, Озода Бардиева 27 млн, Муборак Саидмуратова 16 млн, Баҳром Давлетов 23,2 млн, Ихтиёр Рўзметов 26,2 млн, Ортиқбой Собиров 15 млн, Йўлдош Абдуллаев 40 млн, Мадиёр Султанов 71 млн, Багандик Артиқов 20 млн, Матмурат Раджапов 54,1 млн, Жаҳонгир Анназаров 29,7 млн, Камолжон Аннақов 29 млн, Иззатбек Султанов 20 млн, Бахтиёр Бакиев 21 млн, Умрбек Жуманиязов 28,9 млн, Ҳамдам Ниязметов 15,5 млн сўм, Сардор Давлетов 39,9 млн сўм маблағни «Asia Great Building» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб беришган.

Уларнинг баъзилари катта миқдорда қарз олиб, шартнома пулини тўлашган. Бошқалари мулкини, машинасини сотишган. Кўпчилиги яхши кунимга ярар деб йиғиб қўйган пулини берган. Бугунги кунда уларда уй ҳам, пул ҳам йўқ.

Қурувчига пул бериб, алданиб қолган фуқаролардан бири улардан қарзни ундириб олиш бўйича судлашиб ҳам кўрди. Аммо, ҳозирча фойдаси бўлмади. Чунки судланувчиларнинг ҳеч қандай мулки йўқ. Демак, уларнинг қарздорлигини мулкига қаратиш ҳам иложсиз.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ишбилармонлар, тадбиркорлар учун жуда кенг имкониятлар яратиляпти. Афсуски, бундан қўли эгри, нияти нопок бўлган баъзи шахслар усталик билан фойдаланмоқда. Улар фуқароларнинг ишончига кириб, чиройли рекламалар, тақдимотлар, баландпарвоз гаплар, алдов йўли билан кўп миқдордаги пулни ўзлаштириб олишяпти. Қаллобларни ҳатто қамоққа маҳкум бўлиш хавфи ҳам чўчитмаяпти. Нари борса 2-3 йил панжара ортида ўтириб, эвазига оддий фуқаро умри давомида ишлаб тополмайдиган пулларни қўлга киритишмоқда.

Кузатувлар натижасида, фирибгарликка қўл ураётган бундай «тадбиркорлар» олдин ҳам судлангани, одамларни чув туширишда «устаси фаранг» эканини кўряпмиз. Гап шундаки, суд улардан қарзни ундириш тўғрисидаги қарорни чиқарган тақдирда ҳам, даъвогарлар бу пулларни олмаслиги мумкин. Чунки «пихини ёрган» қаллоблар ўз номида ҳеч қандай мулкни расмийлаштиришмайди. Мажбурий ижро бюроси эса уларнинг мулки йўқлиги боис, қарзни йиллар давомида ундиролмайди, мулкига ҳам қарата олмайди.

Шу ўринда қурилиши энди бошланаётган уй-жойларни сотиб олмоқчи бўлган ватандошларимизга баъзи нарсаларга эътибор қаратишларини тавсия қилган бўлардик. Аввало қурувчи ташкилотнинг қачондан бери фаолият юритаётгани, аввал қайси биноларни, қандай муддатда қуриб бергани, бу ташкилотдан аввал ҳам уй сотиб олган одамларнинг фикри қандайлиги билан қизиқиб кўринг. Бундан ташқари, иложи борича қурувчи ташкилот раҳбарлари ким, уларнинг аввалги фаолияти қандай бўлган, ишбилармонлик обрўси ҳақида ҳам маълумот тўпланг.

Энг муҳими, қурувчида фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси борлиги билан ҳам албатта қизиқинг. Агар бундай суғурта полиси бўлса, қурувчи бинони ўз вақтида топширмаган тақдирда, суғурта компанияси суғурта мукофотини тўлаб беради. Маблағларингизни қайтариб олиш имконияти ошади.

Албатта, бу чоралар фирибгарлардан сақланишнинг 100 фоиз кафолатлатган йўли дейишдан йироқмиз. Аммо вақтингизни аямасдан уларга амал қилсангиз, келажакда жиддий нохуш ҳолатларга тушиб қолишнинг, кўп миқдордаги пуллардан айрилиб қолишнинг олдини олган бўласиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид