Спорт | 18:56 / 09.11.2019
29304
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоаси ўртоқлик ўйинида Қирғизистонни ишончли тарзда мағлуб этди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Қирғизистон миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиб, 3:1 ҳисобида ишончли тарзда ғалаба қозонди. 

Бош мураббий Вадим Абрамов майдонга экспериментал таркибни туширди. Мақсад – миллий жамоанинг яқин захирасини синовдан ўтказиш экани кўриниб турди.

Биринчи бўлимда ҳамюртларимиз устунлиги сезилиб турди. 11-дақиқадаёқ Игорь Сергеев ҳисобни очди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни дарвозабон Павел Матяш ушлаб қололмади. Натижада Игорь бўш қолган дарвозани осонликча ишғол этди.

Шундан сўнг, ўйин суръати бироз пасайди. Қирғизистон миллий жамоаси ҳам фаоллашиб қолди. 30-дақиқада эса ҳисоб тенглашди. Бурчак зарбасидан оширилган тўпни қайтаришда ҳимоячиларимиз хатога йўл қўйишди. Натижада Фарход Мусабеков уни дарвозага йўллашга эришди.

Иккинчи бўлимда Вадим Абрамов майдонга Икром Алибоев, Достонбек Ҳамдамов ва Рустам Ашурматовни туширди. Ўйин йўналиши эса ўзгармади – ташаббус миллий жамоамизда қолди. 53-дақиқада устунлик голга айланди. Одил Аҳмедов томонидан оширилган тўпни Достонбек Ҳамдамов жарима майдони ичида қабул қилиб олди ва дарвозага киритди.

80-дақиқада Достонбек Ҳамдамов ассистент вазифасини бажарди. Унинг жарима майдонига оширган тўпини Жамшид Искандеров кучли зарба билан чиройли тарзда дарвозага жойлади ва якуний натижанинг 3:1 бўлишини таъминлади.       

Ўзбекистон миллий жамоаси навбатдаги ўйинни 14 ноябрь куни Тошкентда ЖЧ-2022 саралаши доирасида Саудия Арабистонига қарши ўтказади.

Ўртоқлик ўйини
9 ноябрь, Тошкент, «Пахтакор» стадиони

ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 3:1 (1:1)
Голлар: Игорь Сергеев (11), Достонбек Ҳамдамов (53), Жамшид Искандеров (80) – Фарход Мусабеков (30)
Бош ҳакам: Бастиан Данкерт (Германия).
Ёрдамчи ҳакамлар: Ян Зайдел (Германия), Рене Роде (Германия).
Захира ҳаками: Илгиз Танташев (Ўзбекистон).
Ўзбекистон: 1.Элдорбек Суюнов, 14.Шароф Муҳитдинов, 20.Ислом Тўхтахўжаев (Рустам Ашурматов 46), 9.Одил Аҳмедов, 15.Мурод Холмуҳаммедов (Ҳожиакбар Алижонов 64), 7.Одил Ҳамробеков (Лутфулла Тўраев 59), 2.Аброр Исмоилов (Икром Алибоев 46), 13.Санжар Қодирқулов, 4.Хуршид Ғиёсов (Жамшид Искандеров 70), 19.Азизбек Турғунбоев (Достонбек Ҳамдамов 46), 21.Игорь Сергеев.
Бош мураббий: Вадим Абрамов
Қирғизистон: Павел Матяш, Одилжон Абдурахманов, Мустафа Юсупов, Тамирлан Қўзибоев, Акрамжон Умаров (Азамат Бойматов 75), Бекжан Сагинбаев, Эдгар Бернхардт, Фарход Мусабеков, Гулжигит Алиқулов, Мирлан Мурзаев, Виталий Люкс (Миролим Ахмедов 9).
Бош мураббий: Александр Крестинин
Огоҳлантириш: Одилжон Абдурахманов (10)

Мавзуга оид