Ўзбекистон | 23:50 / 09.11.2019
6829
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2023 йилгача Болалар жарроҳлиги тиббий маркази қурилади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам қамровини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Sputnik / Игорь Зарембо

Қарорга кўра, репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам қамровини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича 2019–2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлари дастури тасдиқланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза этиш бўйича кенгаш тузилади.

Президент қарори билан Республика Болалар жарроҳлиги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий маркази;

Болаларни тиббий реабилитация қилиш республика маркази;

Республика акушерлик ва гинекология ихтисослаштирилган илмий-амалий тибби маркази қошидаги ёрдамчи репродуктив технологиялар маркази;

Болалар анестезиологияси, реанимацияси ва интенсив терапия бўлимлари, шунингдек, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида бемор болаларга сутка давомида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича врачлар постини ташкил этиш таклифларига розилик берилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 1 апрелгача Болалар жарроҳлиги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий марказини халқаро талаблар ва стандартлар бўйича қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.

2023 йил 1 январгача Болалар жарроҳлиги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий маркази қурилиши тугалланади ва фойдаланишга топширилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид