Ўзбекистон | 14:26 / 09.11.2019
24052
3 дақиқада ўқилади

ТДИУнинг янги ректори: «Талабаларга шароит яратишда ДХШдан фойдаланиш керак»

Конгратбой Шарипов / Фото: KUN.UZ

Куни кеча ижтимоий инвестициялар киритиш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир давомида Сенат раис биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Колумбия университети профессори, Уильям Эймикелар ижтимоий муаммоларда давлат-хусусий шерикчилиги масаласида нутқ сўзлади.

Давра суҳбатида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг янги ректори Конгратбой Шарипов соҳадаги муаммолар ҳақида тўхталди.

«Бу мавзу нафақат бошқа соҳаларга, айниқса таълим соҳаси учун жуда долзарб ҳисобланади. Олий таълим тизимини оладиган бўлсак, биринчи навбатда талабаларга шароит яратиш муҳимдир. Уларнинг ётоқхоналари қурилиши, ўқув биноларининг қурилиши, моддий базасини яратиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажаришда давлат-хусусий шерикчилигидан фойдаланиш вақти келди», — деди олий ўқув юрти ректори.

Хорижлик мутахассис ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш, бунда давлат, хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликлар масалаларига тўхталиб ўтди.

Тадбирда «Ижтимоий аҳамиятли инвестициялар» китоби муаллифи, профессор Уильям Эймике АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларида ижтимоий инвестициялар доирасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг муваффақиятли тажрибаси ҳақида сўзлаб берди, бундай турдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қайси муҳим омиллар таъсир кўрсатиши ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашди. 

«ХХ асрдаги ҳар қандай ислоҳот давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобига амалга оширилди. Энди эса вазият ўзгарди. Ишончим комил, XXI асрда ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар давлатнинг хусусий шериклар билан ҳамкорлиги асосида рўёбга чиқарилади. Қарорлар барча томонлар фикрларидан келиб чиқиб қабул қилинади. Бу ижтимоий ва сиёсий ҳамда хусусий секторларга ҳам тегишли бўлади.

Масалан, шаҳар транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун томонлар метрополитен линиясини янада кенгайтириш ёки мотоцикл ишлаб чиқаришни ошириш масаласини бирга ўтириб муҳокама қилиши керак.

Ижтимоий инвестициялар, давлат-хусусий шерикчилигига бир неча мисоллар келтириб ўтсам. Масалан, Нью-Йорк марказий паркини олайлик. Жуда овлоқ ва ташландиқ жойлар эди. Биз бу жойга ижтимоий инвестиция жалб этдик. Ҳозирда бу жой жуда ҳам кўркам ва ташриф буюрувчилар учун бепул. Бу жойда кунига минглаб инсонлар ҳордиқ чиқариши мумкин.

Бошқа мисоллардан, Рио-де-Женейродаги «Эртанги кун музейи»ни қуришни олсак. Бунда юқорида айтилганидек уч томонлама: давлат, хусусий сектор ва нодавлат жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кўриш мумкин. Музейнинг лойиҳасини нодавлат ташкилот бажарган, қурилишини хусусий сектор компаниялари бажариб берди», — деди профессор Эймике.

Мавзуга оид