Ўзбекистон | 20:00 / 10.11.2019
87788
14 дақиқада ўқилади

ЕОИИга аъзо бўлиш мигрантлар ҳаётини енгиллаштириши ҳақида бонг урилмоқда. Аслида-чи?

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши масаласи борасида юқорида принципиал қарор берилганини кўрсатувчи аломатлар пайдо бўлди.

Турли давлат арбоблари ва экспертларнинг ЕОИИга кириш афзалликлари ҳақидаги асосан бир томонлама фикрлари ОАВда кенг ёритилиши шундай хулоса қилишга асос бўлади. Иттифоққа аъзолик тарафдорларининг энг асосий ва «ишонарли» аргументларидан бири бу – гўё Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг шароитлари кескин яхшиланиши ҳақидаги фикрдир. Иттифоққа аъзолик афзаллиги бўйича келтирилаётган бошқа сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни қўйиб турайлик, келинг, айнан шу асосий аргумент сифатида келтирилаётган «мигрантларимиз ҳаёти яхшиланиши» фикри қанчалик тўғри эканлигини кўриб чиқамиз. Бунда ЕОИИга 2015 йилда аъзо бўлиб кирган, Россияда 600 мингдан ортиқ меҳнат мигранти яшаётган ва этно-маданий жиҳатдан ўзбекларга яқин бўлган қирғизистонлик фуқаролар мисолидан фойдаланамиз.

ЕОИИ товар, капитал, хизматлар ва меҳнат кучининг аъзо мамлакатлар ўртасида эркин ҳаракатланишини кўзда тутади. Демак, ташкилот низоми бўйича фуқаролар иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудида маҳаллий аҳоли билан бир хил ҳуқуқларда меҳнат қилиши мумкин. Дарҳақиқат, қирғизистонликлар Россия ҳудудида патент олмай меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Патент олиш ҳар ойлик тўлов (ҳозирги кунда Москвада 5000, Санкт-Петербургда 3800 рубль) амалга оширишдан ташқари, уни қўлга киритиш учун рус тили, Россия тарихи ва ҳуқуқий асослари бўйича тест топшириш, тиббий кўрикдан ўтишни тақозо этади.

Бундан ташқари, қирғизистонликлар Россия ҳудудига киргандан кейин иттифоққа аъзо ҳисобланмайдиган бошқа МДҲ давлатлари (масалан, Ўзбекистон ёки Тожикистон) фуқароларидан фарқли равишда етти кунда эмас, балки ўттиз кун ичида яшаш жойларини қайддан ўтказишлари керак (регистрация – совет давридан қолган прописка институтининг янги шакли ҳисобланади).

Юқоридаги тилга олинган афзалликлар хақиқатан жозибадор ва миллионлаб ўзбекистонлик мигрантлар учун ЕОИИга кириш учун етарли асос бўлиб кўриниши табиий. Аслида-чи? Россия қонунчилигида ва иттифоқ низомларида акс этган бу қоидалар амалда қандай ишлайди?

Мигрантлар сони бўйича дунёда энг катта беш давлат орасига киришига қарамасдан, Россияда меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан фаолият олиб бориш жуда кенг тарқалган. Умуман, МДҲ ҳудудида, шу жумладан Россияда, норасмий, «соядаги иқтисодиёт»нинг улуши катта. Бу айниқса меҳнат мигрантлари фаолият олиб борадиган соҳада жуда катта салмоққа эга. Россия расмийлари 2018 йилда мамлакатда тахминан 2 миллион «ноқонуний» (тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган) мигрант борлигини расман эътироф этишган. Аслида ҳақиқий рақамлар бундан юқори бўлиши мумкин. Буни қуйидаги сонларда ҳам кўрса бўлади. Россия ИИВ расмий маълумотларига кўра, 2018 йилда мамлакатга ташриф буюрган 17,8 миллион хорижликдан 5 миллион киши меҳнат қилиш учун кирган. Улардан 4,5 миллион киши МДҲга аъзо мамлакатлардан (2 миллион киши Ўзбекистондан), 750 минг киши ЕОИИга кирувчи Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари (бу рақамга қуйида яна аниқлик киритилади). Демак, қолган 3,7 миллиондан ортиқ киши патент расмийлаштириб меҳнат қилиши керак. Ваҳоланки, 2018 йилда Россияда 1,7 миллион патент расмийлаштирилиб, Россия Федерацияси субъектлари маҳаллий бюджетига 57 миллиард рубль келиб тушган. Бу камида икки миллион киши патентсиз, яъни норасмий ишлайди, дегани.

Энди ЕОИИга 2015 йил апрелида аъзо бўлган бевосита Қирғизистон фуқароларига келсак. Юқорида 2018 йилда ЕОИИга аъзо барча мамлакатлардан (Арманистон – 208 минг, Беларусь – 135 минг, Қозоғистон – 111 минг ва Қирғизистон – 352 минг) 750 минг киши Россияда расман ишлаши айтилди. Ваҳоланки, Қирғизистон расмий манбалари ҳам, Россия расмий манбалари ҳам Қирғизистондан Россияга келиб рўйхатдан ўтганларнинг сони 600 мингдан кўплигини қайд этади. Бу рақамдан талабалар (16 минг), вақтинча (13 минг) ёки доимий яшаш (14 минг) ҳуқуқига эгалар, Россия фуқаролигини қўлга киритганларни (9 минг) чиқариб ташласак ҳам кўп сонли қирғизлар меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан, яъни норасмий ишлаб келаётганини билиш мумкин. 2016 йилдаги тадқиқот ҳам, 2017 йилги тадқиқот ҳам қирғизистонликларнинг фақат 60-61 фоизигина меҳнат шартномалари тузиб ишлашини эълон қилди.

Демак, ЕОИИга аъзо мамлакат фуқаролари бўлишларига қарамай камида икки юз минг нафар қирғизистонлик Россияда меҳнат шартномаларисиз ишлашга мажбур. Шартномасиз ишлаш дегани ваъда қилингандан кам ойлик бериш ёки айрим ҳолларда бермаслик, белгиланган соатлардан ортиқ ишлатиш, соғлик ёмонлашганда ижтимоий ҳимоя ва тиббий суғурта имконсизлигини англатади. Яъни Россиядаги қирғизистонликларнинг 1/3 қисмига ўз мамлакатининг иттифоққа аъзолиги ҳеч қандай наф келтирмади, дейиш мумкин. Айни пайтда Россияда ўзбекистонликларнинг сони 2 миллион нафардан кўплигини инобатга олсак, Ўзбекистон ЕОИИга қўшилган тақдирда ҳам 700 мингга яқин кишига аъзолик ортидан патент бекор бўлиши ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги мумкин.

Қолаверса, меҳнат шартномаси тузилиши, яъни расмий ишлаш ҳам Россия қонунчилигида кўзда тутилган ва маҳаллий аҳолига нисбатан қўлланадиган барча имтиёзларни кафолатламайди. Мен гаплашган кўп қирғизистонликлар меҳнат шартномаси расмийлаштирилган тақдирда ҳам кўп ҳолларда қоғозда кўрсатилган ва амалда олинадиган ойлик маошлар ўртасида фарқ борлигини айтишади. Cўнгги тадқиқотлар қирғизистонлик мигрантларнинг ижтимоий ҳимоя ва тиббий cуғуртадан қонунда кўрсатилган тартибда фойдалана олмасликларини кўрсатмоқда. Шахсан ўзим Россияда қулликка тушиб қолган, меҳнат ва ҳатто фуқаролик ҳуқуқлари топталган ўзбекистонликлар билан бирга қирғизистонликларни ҳам учратдим.

Россия меҳнат қонунчилигига кўра, мамлакат солиқ резидентлари 13 фоизлик даромад солиғи тўлайди (НДФЛ). Резидент бўлмаганлар (масалан, ўзбекистонликлар) патент нархи билан ҳисоблаганда 30 фоиз даромад солиғи тўлашади. Қирғизистонликлар Россия солиқ резиденти бўлишлари учун бу мамлакатда 183 кун, яъни ярим календарь йили меҳнат қилишлари ва солиқларни тўлаб боришлари керак. Яъни, ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари 30 эмас, 13 фоиз даромад солиғи тўлашлари учун ўша мамлакатда камида олти ой расмий меҳнат қилишлари керак бўлади. Мигрантларимизнинг аксарияти бўлмаса ҳам, катта қисми баҳорда Россияга кетиб мавсумий ишларда ишлаб кузда Ўзбекистонга қайтишларини ҳисобга олсак, шунча мигрант учун ЕОИИга аъзо мамлакатлари фуқаролари учун кўзда тутилган солиқ афзаллиги таъсир кўрсатмайди (яъни патент олиб тўлаш ҳам, 30 фоизлик даромад солиғи тўлаш ҳам бир хил харажатга айланади). Демак, ушбу ҳолатни ва бир неча юз минг ўзбекистонлик шусиз ҳам патент пули тўламасдан меҳнат қилаётганини ҳисобга олсак, Ўзбекистон телеканалида профессор тили билан айтилганидек, иттифоққа аъзолик мигрантларимизнинг мамлакатга қўшимча 33-34 триллион сўм олиб келиши тўғрисидаги даъвода ҳеч қандай асос йўқ. Худди, ЕОИИга киришга икки қўлни кўтариб тарафдор бўлаётган сенатор Одилжон Иминов ҳам иттифоққа кириш орқали тежаладиган маблағни 4 млрд долларга баҳолаганида асос йўқ бўлгани каби.

Энди яшаш жойидан рўйхатдан ўтиш (регистрация) масаласига келсак. Россия қонунларига кўра, ҳар бир хориж фуқароси яшаш жойидан қайддан ўтиши керак. Яқин-яқингача мигрантлар ёппасига бирор ҳостел ёки иш берувчининг манзилини (бу офис, қурилиш майдони ёки завод-фабрика бўлиши ҳам мумкин) ўз яшаш жойи сифатида қайддан ўтказиб қўярди. 2-3 йил аввал қабул қилинган янги қоидаларга кўра, ҳозир хорижликлар фақат айни яшаш жойидан қайддан ўтишлари керак. Лекин амалда россияликларнинг аксарияти ўз уйида хорижликларни рўйхатдан ўтказишни хоҳламайди. Демак, аксарият хорижлик мигрантлар, шу жумладан ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари ҳам «регистрация»ни сотиб олишади, амалда эса ўзлари ишлаётган жойда яшашга мослаштирилган хона ёки баракларда ёки ижарага олинган квартирада бир неча киши бўлиб яшашади. Бундан ташқари, ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари ҳам, МДҲнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари ҳам Россия ҳудудидан чиқиб қайта кирганида (масалан, ўз юртига бориб келганида), аввалги регистрацияси бекор бўлиб, янгидан қайддан ўтиш керак бўлади.

Қайддан ўтмасдан яшаш ёки асл яшаш жойи билан қайд этилган жойи тўғри келмаслиги ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари учун ҳам, бошқа МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун ҳам бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Икки марта маъмурий ҳуқуқбузарлик барча фуқаролар учун Россиядан депортация қилиниш ва исм-шарифи мамлакатга кириш тақиқланган «қора рўйхат»га киритилишини англатади. 2014-2016 йилларда Россия Ички ишлар вазирлиги ва бошқа давлат муассасалари 145 минг қирғизистонликни «қора рўйхат»га киритган, шу даврнинг ўзида 55 минг киши бу рўйхатдан чиқарилган. 2018 йил сентябрида Россияга кириши тақиқланганлар рўйхатида 70 минг қирғизистонлик бор эди. Демак, ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари учун яшаш жойидан рўйхатдан ўтишга нисбатан кўпроқ вақт берилган бўлса-да (7 кун эмас, 30 кун), амалда бу бошқа мамлакатлар фуқаролари билан бир хил тўсиқ ва муаммоларга дуч келади.

Москвада мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Тонг жаҳони» нодавлат ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, унга ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар асосан полиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан шикоят қилишади. Мурожаатларнинг аксар қисми куч ишлатар органлар томонидан ноқонуний ушлаб туриш, миллий ва диний мотивларда ҳақорат қилиш, жисмоний куч ишлатиш ҳамда ноқонуний ишга олиш, ишга ҳақ тўламаслик ва бошқа шикоятларга нисбатан тегишли органларнинг чора кўрмаслигига тааллуқли бўлади. Бундай ҳаракатлар Россия қонунларида жиноий иш сифатида малакаланиши керак.

Бундан ташқари, ҳуқуқшуносларнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари «Мигрант-жилой сектор», «Чистый город», «Останови и досмотри» каби доимий рейдлар ташкил қилиб, оғзаки топшириқлар асосида славян кўринишига эга бўлмаган шахсларни тўхтатишади. Бундай «тадбирлар» натижасида аксарият ҳолларда Марказий Осиёдан келган фуқаролар полиция томонидан ушланиши, қўйиб юбориш эвазига пора талаб қилиниши ва кўп ҳолларда участкага келтирилиши мумкин.

Чупикнинг сўзларига кўра, ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилувчиларнинг орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари билан бир қаторда Қирғизистон фуқароларининг улуши ҳам анча катта. Масалан, 2018 йил сентябрь ойидан 2019 йил май ойигача ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилганларнинг 17 фоизи (3318 мурожаат) қирғизистонликлар ҳиссасига тўғри келади. Ваҳоланки, ушбу мамлакат фуқароларининг Россиядаги умумий хорижликлар орасидаги улуши 7 фоизни ташкил қилади (бу кўрсаткич тегишли равишда Ўзбекистон фуқаролари учун 38/32, Тожикистон фуқаролари учун 36/16 фоизни ташкил қилади). Демак, ЕОИИга аъзо бўлиш Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқлари поймол этилмаслигини кафолатлай олмайди.

Яна бир гап. Давлатлар ўзаро яқинлашиб, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий омиллар сабабли иттифоқ ташкил қилишга, интеграциялашувга қарор қиларкан, бундай интилиш асосида ўзаро ҳурмат ва тенглик ётиши керак. Яъни, аъзо мамлакатлар фуқаролари бир-бирини яқин кўриши ёки ҳеч бўлмаганда нейтрал муносабатда бўлиши тақозо этилади. Бундай муносабатлар давлатларнинг сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб эмас, том маънода халқларнинг яқинлашувига сабаб бўлади. Ва бундай иттифоқлар ўз-ўзидан мустаҳкам ва бардавом бўлади. Лекин таассуф бўлсинки, Россияда Марказий Осиёдан келган инсонларга паст назар билан қараш, менсимаслик кайфияти анча юқори. Сўнгги ўн йил давомида «Левада» маркази ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, аксарият россияликлар мамлакатда имкон қадар Марказий Осиё вакиллари камроқ бўлиши тарафдори. Сўнгги ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, Марказий Осиё вакилларининг Россияга киришини чеклаш тарафдорлари 72 фоизни ташкил этган.

Кондопага, Манежная майдони, Бирюлеводаги каби тўполонлар, ксенофобия ва расизм мотивларида онда-сонда бўлса-да рўй бериб турадиган зўравонлик ва ҳатто қотиллик ҳолатлари ҳам мамлакатда аксилмигрант кайфиятлар юқорилигини кўрсатади. Узоққа бормай, 2019 йил март ойида Ёқутистонда бўлган воқеаларни эсга олайлик. Гўёки маҳаллий қизни уч қирғизистонлик зўрлагани ҳақидаги хабар Якутск аҳлини жунбишга келтирди: митинглар ташкил қилинди, Марказий Осиёдан келганлар ишлайдиган кафелар, дўконлар ва хонадонларга ҳужумлар уюштирилди, бир неча киши калтакланди, мигрантларни Ёқутистондан ёппасига чиқариб юборишга чақириқлар бўлди. Ваҳоланки, маҳаллий аҳоли чиқариб юборишни талаб қилган мигрантларнинг аксарияти Қирғизистон фуқаролари эди. Демак, Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши россияликларнинг ижобий ёки ҳеч бўлмаганда нейтрал муносабатда бўлишини билдирмайди.

Албатта, ҳар қандай жиноятга ҳуқуқий баҳо берилиши ва тегишли жазо белгиланиши керак. Бундан ташқари, оддий россияликлар орасида оғир меҳнат орқасидан пул топаётган муҳожирларга нисбатан илиқ муносабатда бўлувчилар ҳам йўқ эмас. Лекин бундай кишилар овози қарши овозлар уммонида деярли эшитилмаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишида асосий аргумент сифатида кўрсатилаётган «меҳнат мигрантларимизнинг ҳаёти кескин яхшиланиши, мамлакатнинг иттифоққа аъзолиги ортидан улар орттирган триллионлаб сўмлар Ўзбекистонга келиши» тўғрисидаги фикрлар, юмшоқ қилиб айтганда, етарли асосга эга эмас. Тўғри, ЕОИИга аъзо бўлиш кўплаб ватандошларимизнинг ҳаётини бироз бўлса-да енгиллаштиради, уларнинг маълум бир тоифаси харажатларини нисбатан қисқартиради. Лекин бунинг самараси бошқа юз минглаб мигрантларимиз ҳаётида деярли ҳеч қандай роль ўйнамайди.

Шерзод Эралиев (PhD)

Хельсинки университети тадқиқотчиси

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди

Мавзуга оид