Спорт | 11:01 / 13.11.2019
5361
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллийлаштирилган иккинчи спортчи ҳам бешкурашда Токио Олимпиадасига йўлланма қўлга киритди

Фото: МОҚ

Хитойнинг Ухань шаҳрида давом этаётган замонавий бешкураш бўйича Осиё-Океания чемпионатида Александр Савкин келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритди. 

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу спорт турида ўзбек спорти тарихида илк бор Олимпия ўйинларига йўлланма олди.

Мазкур мусобақада Осиё ва Океания минтақасининг энг кучли 12 терма жамоасидан 32 нафар бешкурашчи баҳс олиб борди. Беллашувлар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Хитой, Таиланд, Жанубий Корея ва Қозоғистон жамоаларидан сўнг бешинчи ўринни эгаллаган бўлса, Япония, Ҳиндистон, Австралия каби етакчи мамлакат вакилларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Фото: МОҚ

Куни кеча Алисэ Фахрутдинова аёллар ўртасида ўтказилган саралаш босқичида учинчи ўринни эгаллаб, Олимпия ўйинларига йўлланма кўлга киритган эди. Мусобақа якунига кўра, спортчилар жамоавий рейтингда бешинчи пoғонани эгаллаб, Олимпия ўйинларининг 2 та лицензиясига сазовор бўлишди. 

Мусобақа якунида терма жамоаларнинг эгаллаган ўринлари қуйидагича кўринишга эга бўлди:

1. Хитой
2. Тайланд
3. Жанубий Корея
4. Қозоғистон
5. Ўзбекистон
6. Шри-Ланка
7. Япония
8. Хитой Тайпейи
9. Ҳиндистон
10. Қирғизистон
11. Австралия
12. Индонезия

Маълумот учун: жорий йилнинг август ойи охирларида россиялик бешкурашчилар Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнаша бошлаши хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид