Ўзбекистон | 22:56 / 13.11.2019
38390
4 дақиқада ўқилади

Мактабдаги баҳолар асосида талабаликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда – ДТМ расмийси

Севара Зупарходжаева

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари 11-синфни тамомлаш арафасида бир қатор фанлар, жумладан она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан ҳам якуний имтиҳондан ўтади. Бу имтиҳонлардан кўп ўтмай, талаба бўлишни истаган битирувчилар ОТМга кириш синовларида ҳам юқоридаги учта фандан соддалаштирилган мажбурий тест топширишлари керак.

Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севара Зупарходжаева Kun.uz мухбири билан суҳбатда ОТМларга киришнинг янги тартиби ҳақида маълумот бериб, юқоридаги ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди.

«Битирув давлат аттестацияси сертификати билан ОТМга қабул қилиш хорижий  давлатлар тажрибасида бор. Россия Федерацияси тажрибасида ЕГЭ (Единый государственный экзамен) имтиҳонлари ҳам мактаб таълимини тугатган ўқувчилардан олиниб, унинг натижалари университетларга қабул қилиш учун асос бўлади.

Энди ўз тажрибамизга келсак. Гарчи мактабни битиришда ҳам умумтаълим фанларидан имтиҳон олинса-да, ОТМга кириш имтиҳонларига яна шу фанларни мажбурий қилиб белгилаш – мактаб тизимига ишончсизлик эмас.

Ҳамма нарсага босқичма-босқич ўтилишини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда ҳам якуний давлат аттестацияси натижаси ОТМга қабул қилишга асос бўлиши кераклиги тўғрисида муҳокамалар жараёни боряпти.

Бироқ бунинг учун мактаблар ҳам тайёр бўлиши лозим. Фақат меъёрий ҳужжат киритиб, унинг асосида ўқувчиларни талабаликка қабул қилишни бошлаш унчалик тўғри бўлмайди. Бунда маълум шароитлар яратилиши ва маълум талаблар қўйилиши зарур.

Масалан, имтиҳон холисона ўтказилиши учун атрофдаги муҳит ва бевосита жараёнга жалб қилинадиган одамларнинг нейтраллиги, тест материалларининг хавфсизлигини ҳам таъминлашимиз керак бўлади.

Бу каби жиҳатларнинг барчаси тўғри кечиши учун, аввало, хорижий тажрибани ўрганишимиз ва ўз таълим тизимимизни ҳисобга олган ҳолда хорижий амалиётнинг қайсилари бизга мос, қайсилари бизга мос эмас, ижобий-салбий томонларини ўргангач, кераклиларини ўзлаштиришимиз зарур.

Бу бўйича ишлар бошланганлиги сабабли балки бир йилдан сўнг нимадир натижа ҳақида бемалол гапиришимиз мумкин бўлади», – деди Зупарходжаева.

ДТМ расмийси ОТМларга киришда кейинчалик тестдан бошқа имтиҳон турлари ҳам қўлланиши мумкинлигини истисно этмади.

«Балки бу тизимнинг ижобий жиҳатлари аниқланса, кейинчалик фақат тест биланмас, балки бошқа усуллар билан ҳам имтиҳон ўтказишимиз мумкин бўлади. Лекин ҳозир қисқа фурсатда катта контенгентни синовдан ўтказиш учун тест тизими энг қулай усул ҳисобланади. Сабаби жорий йил ҳам кириш имтиҳонларида 1 миллиондан ортиқ абитуриентларимиз имтиҳон топширди. Алоҳида иқтидор талаб қилинадиган ижодий имтиҳон топширганларни ҳисобга олмаганда ҳам 950 мингдан ортиқ абитуриентларимиз тест топшириқларини бажарди», – дейди у.

Севара Зупарходжаева ОТМга кириш имтиҳонларига қўшилаётган мажбурий фанлар блокидаги саволлар қийин бўлмаслигини қўшимча қилиб ўтди.

«Қўшимча 3та фандан тест топширилиши кўпчиликка янгилик ва ўта қийиндай туюлмоқда. Бироқ мажбурий фанлар бўлимидаги тестлар, аввало, ўқув дастурларига биноан ва анча содда тарзда, абитуриентнинг умумий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилган, биринчи қийинлик даражасида бўлади», – дейди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид