Ўзбекистон | 17:40 / 14.11.2019
42267
2 дақиқада ўқилади

Марҳум журналист Давлатназар Рўзметовнинг оиласига ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари фожиали равишда ҳалок бўлган журналист Давлатназар Рўзметовнинг хонадонида бўлиб, марҳумнинг оиласига моддий ёрдам кўрсатди.

«Куни кеча Агентликда ўтказилган матбуот анжуманида марҳум журналист Давлатназар Рўзметовнинг профессионал фаолияти, камтарона ва хокисор ҳаёти ёдга олиб ўтилган эди. Агентлик раҳбари Комил Алламжонов марҳумнинг оиласига моддий ёрдам кўрсатиш масаласида ташаббус билдирган эди.

Бугун Агентлик ходимлари айни шу масала бўйича Хоразм вилоятида бўлди. Давлатназар Рўзметовнинг оила аъзоларига Агентлик томонидан ўқув қуроллари, бадиий адабиётлар ҳамда молиявий маблағ тақдим этилди», дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта бошида ўтказилган махсус матбуот анжуманида хоразмлик журналистнинг фожиали ўлими юзасидан батафсил маълумот берилган эди.

Унга кўра, Давлатназар Рўзметовни 2019 йилнинг 6 ноябрь куни тахминан соат 23:00-23:30 оралиғида, Урганч-Хива йўлида ҳаракатланиб кетаётган «ГАЗель» автомобили уриб юборган. Журналист воқеа жойида вафот этган.

Марҳумнинг ўша кундаги ҳаракатлари кузатув камераларида муҳрланган. Kun.uz бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги очиқлаган маълумотларга таяниб, батафсил мақола ва видеорепортаж эълон қилган эди.

Мавзуга оид