Жамият | 15:40 / 14.11.2019
29348
13 дақиқада ўқилади

Уйини давлатга топшириб, эвазига ҳеч нарсасиз қолган фуқаро 3 йилдан буён сарсон. Ишни шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев назоратга олди

2016 йили Тошкент шаҳрининг Олмазор, Шайхонтоҳур ва Сергели туманларида жойлашган ҳовли-жойлар бузилган, эгаларига хоҳишларидан келиб чиқиб ер ёки квартиралар берилган. Компенсация тўловини тўлаб бериш маҳаллий бюджетга юк бўлмаслиги учун шаҳар ҳокимлиги кимда-ким уйи бузилган фуқароларга 2 хонали уй олиб берадиган бўлса, унга Тошкент вилоятидан 5 сотих ер берилиши ҳақида газеталарда эълон берган, туман кадастр бўлими ходимлари уйма-уй юриб, одамларни бундан унумли фойдаланишга тарғиб қилган.

Бу таклиф айни пайтда Яшнобод туманида яшаётган Олим Раҳимовга ҳам маъқул келиб, у уйи бузилган катта бир оилага Сергели туманидан 4 хонали уй олиб беради. Эвазига унга Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 майдаги 416-сонли қарори билан Тошкент вилояти, Зангиота тумани, «Хонобод» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ҳар бири 5 сотихли иккита ер участкаси берилади. Раҳимовнинг давлат ихтиёрига топширилган Сергелидаги квартираси эса уйи бузилган фуқаролардан бирига компенсация сифатида тақдим этилади.

Бироқ орадан 3 ой ўтгандан кейин Раҳимовга берилган ер майдони Зангиота тумани ҳокимининг 10.06.2012 йилдаги 410-сонли қарорига кўра 10 йилга «FARM KOREA» МЧЖга ижарага берилгани ҳақидаги шартнома пайдо бўлиб қолади. Фуқаро мурожаатидан сўнг Тошкент вилояти прокуратураси томонидан 2017 йил 22 декабрда Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 10 июндаги 410-сонли ва 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қонунга зид қарорларига протест киритилиб, 2018 йил 3 февралда ушбу қарорлар бекор қилинади. Аммо Зангиота тумани ҳокимининг 170-сонли қарори билан ер О.Раҳимовга эмас, балки туман ҳокимлиги захирасига қайтарилади.

Ваҳоланки, ҳар бири 5 сотихли 65 ва 66-сонли ер участкалари 2016 йилнинг 11 ноябрида Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Зангиота туманидаги филиали томонидан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида Олим Раҳимов номига расмийлаштирилган. Бу ҳақда тегишли кадастр йиғма жилди ҳужжатлари шакллантирилиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда ТО 0047057 ва ТО 0047051 рақамли гувоҳномалар берилган. Бу гувоҳномалар, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 майдаги 416-сонли қарори ҳалигача қонуний кучида, ҳеч қайси ваколатли давлат органи томонидан бекор қилинмаган. Буни Тошкент шаҳар прокуратураси, шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан фуқаронинг шу мазмундаги мурожаатига берилган жавоб хатлари ҳам тасдиқлайди. Бу эса Раҳимовнинг мулкка эгалик ҳуқуқини тўла кафолатлайди.

Олим Раҳимов

Ер нега қонуний эгасига қайтарилмаяпти?

Савол туғилади: Ер «FARM KOREA» МЧЖга ижарага берилиши расман ноқонуний деб топилган экан, нега у қонуний эгасига қайтарилмаяпти?

Гап шундаки, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 10 июндаги 410-сонли ва 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қонунга зид қарорларига протест киритилиб, ушбу қарорлар бекор қилингач, вилоят прокуратураси Зангиота туманлараро иқтисодий судига 4 гектар майдонда қурилиш меъёрларига амал қилмасдан ва белгиланган тартибда рухсат олмасдан қурилган иссиқхона ва бошқа иншоотларни «FARM KOREA» МЧЖ ҳисобидан бузиш ҳақида даъво аризаси киритган. Тошкент вилояти иқтисодий судининг 2018 йил 15 мартдаги ҳал қилув қарори билан ушбу даъво рад этилиб, бу ҳам етмагандай, прокуратуранинг протести орқали бекор қилинган 2018 йил 3 февралдаги 169-, 170-сонли қарорлари бекор қилинади. Натижада Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 10 июндаги 410-сонли ва 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қонунга зид қарорлари яна кучга кирди.

Прокуратура нега протест берган эди?

Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 10 июндаги 410-сонли қарори билан тумандаги Хонобод қишлоғи ҳудудидаги «Ғофур Диёр» фермер хўжалигига қарашли ердан учун 4 гектар суғориладиган ер майдони «FARM KOREA» МЧЖга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун қисқа муддатли ижара асосида ажратилган.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган текшириш давомида ушбу қарор «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонунчилик актлари талабларига зид равишда қабул қилингани аниқланган. Бу Раҳимовнинг мурожаатига Тошкент шаҳар прокуратурасининг 2017 йил 17 сентябрдаги жавоб хатида қайд этилган.

Ерни ижарага беришда айнан қайси қонунчилик меъёрлари бузилган?

Ер кодексининг 53-моддасида фермер хўжалигини юритиш учун ер участкалари бериш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра, ижарага бериладиган ер участкалари эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга очиқ танлов асосида берилади. Бу норма соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос ҳисобланади ва ер участкаларини юридик шахсларга, жумладан, масъулияти чекланган жамиятларга ижарага беришда ушбу меъёрга амал қилинади.

Бироқ 2016 йил 30 августда «FARM KOREA» МЧЖ ва Зангиота тумани ҳокимлиги ўртасида тузилган И-109-сонли ижара шартномасида жамиятга берилган 4 гектар ер майдони 10 йил муддатга ижарага берилган. На тендер танлови ўтказилган ва на ерни ижарага бериш тартибига амал қилинган.

«Суд қўлимиздаги далилларни инобатга олмаяпти!»

«2018 йил 15 март ва 6 сентябрь кунлари бўлиб ўтган суд иши бизнинг иштирокимизсиз кўрилди, қандай қилиб низоли ер участкасининг қонуний эгаси судга чақирилмаслиги мумкин? Қолаверса, суд тегишлилиги бўйича фуқаролик судида эмас, балки иқтисодий судда кўрилгани жуда қўпол процессуал қонун бузилиши ҳисобланади», – дейди Раҳимовнинг адвокати Неъмат Шердонаев.

Фуқаролик процессуал кодексининг 26-моддасида белгиланишича, тарафлардан биттаси фуқаро бўлса, бундай низолар фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилади.

Кодекснинг 27-моддасига кўра, судга тақдим этилган ишлар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.

«Бироқ қонунда очиқ-ойдин белгилаб қўйилганига қарамай бизнинг ишимиз Тошкент вилояти иқтисодий судида кўрилган, бундан биз суд ўтиб кетганидан бир неча ой ўтиб хабар топганмиз», – дейди Олим Раҳимов.

Энг қизиғи, Ер кодексининг 31-моддасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши мустаҳкамлаб қўйилган.

«Биз амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ерга эгалик ҳуқуқини қўлга киритганмиз. Қўлимизда ваколатли давлат идоралари томонидан берилган мулкка эгалик ҳуқуқимизни тасдиқловчи ҳужжатлар бор ва улар қонуний кучида. Бироқ қўлимиздаги далиллар ва қонуний эгалик ҳуқуқимизни инобатга олмаяпти-да, қонунчиликка зид шартнома тан олиняпти. Зангиота тумани ҳокимлиги ва МЧЖ ўртасида амалдаги қонун меъёрларини четлаб ўтган ҳолда тузилган ижара шартномаси Ер кодексида белгиланган норма асосида берилган ҳужжатдан устун бўлиб чиқмоқда», дейди адвокат.

Қонун барча жойда бир хил эмасми?

«Тошкент шаҳар прокуратураси Зангиота тумани ҳокимлиги томонидан 4 гектар ер майдонининг «FARM KOREA» МЧЖга 10 йилга ижарага берилишини ноқонуний деб эътироф этяпти ва Тошкент вилояти прокуратурасига туман ҳокимининг тегишли қарорларини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритяпти. 2018 йил 15 мартида ўтказилган Тошкент вилояти иқтисодий суди ҳамда  2019 йилнинг 6 сентябрь куни Тошкент шаҳар иқтисодий судида бўлиб ўтган кассация инстанцияси суди судьялари бунинг аксини айтмоқда. Прокуратура қонун Раҳимов томонида деса, суд «FARM KOREA» МЧЖ ҳақ демоқда. Мамлакат битта, қонун битта, аммо масалага ёндашув, чиқарилаётган қарор турлича. Бундан эса қонунни бузмасдан амалдаги қонунларга асосан ҳаракат қилган фуқаро – мижозим Олим Раҳимов жабр кўрмоқда», дейди адвокат.

Бош прокурор ва шаҳар ҳокими фуқарони қабул қилмаяпти

Олим Раҳимовнинг мурожаатини ўрганиб чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази фуқаронинг ҳуқуқлари бузилганини эътироф этиб, марказ директори Акмал Саидов имзоси билан Ўзбекистон Бош прокурори ва Тошкент шаҳар ҳокимига О.Раҳимовни тегишли мутахассислар иштирокида шахсан қабул қилишни сўраб расмий хат юборади. Хатда, шунингдек, фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, йиллар давомида ечимини топмасдан келаётган муаммони қонуний ҳал этиш сўралган.

«Шундан сўнг Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қабулига кириш учун бир неча марта мурожаат қилдик. Бироқ на бош прокурор ва на Тошкент шаҳар ҳокими мени қабул қилди. Ҳеч бўлмаса ушбу идораларда ишловчи бирорта мутахассис мен билан учрашиб, дардимни тинглагани йўқ», дейди Олим Раҳимов.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг расмий хатига 2019 йил 10 сентябрда йўллаган жавоб хатида Олим Раҳимовга Сергели тумани Сўғдиёна кўчаси бўйлаб ҳамда Зангиота тумани «Хонобод» ҚФЙ, аввалги «Султонобод агро» фермер хўжалиги ҳудудидан ер участкалари таклиф этилганини билдиради.

«Бу ёлғон! Мен билан шаҳар ҳокимлигидан ҳеч ким боғлангани йўқ, менга бошқа ер участкаси тақдим этилмади. Наҳотки булар расмий давлат идорасига ёлғон маълумот тақдим этишдан қўрқмаса?!», дейди Олим Раҳимов.

Фуқаронинг айтишича, рўй берган ҳолатлардан сўнг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказига бузилган ҳуқуқларини тиклаш масаласида такроран мурожаат қилган. Мурожаатида қабулига киролмаган мансабдорлар уни шахсан қабул қилишини яна бир марта сўраган. Ўзининг билдиришича, ҳозирча бу мурожаатига жавоб келганича йўқ.

«Охирги натижа шундайки, мен ҳеч вақосиз қолдим. Ҳозирги кунда менинг 4 хонали квартирам ҳам йўқ. Бунинг эвазига менга ажратиб берилган ер ҳам йўқ. Бор-будимдан айрилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идораларининг остонасида сарсон-саргардон бўлиб юрибман. Ҳуқуқимни тиклаш мақсадида салкам 4 йилдан бери ёзмаган идорам, бормаган жойим қолмади. Натижа йўқ», деб ёзади Олим Раҳимов таҳририятга йўллаган мурожаатида.

Суд «FARM KOREA» масъулияти чекланган жамияти фойдасига қарор чиқариб берган бўлса-да, масалага якуний нуқта қўйилмаган. Чунки томонларда ҳали суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Иш сўнгги инстанцияда кўрилсагина масалага узил-кесил нуқта қўйилиши мумкин. Ҳозирча мулк ҳуқуқи Олим Раҳимовда. Бироқ бугунги қонунан унга тегишли бўлган ерда «FARM KOREA» масъулияти чекланган жамияти томонидан катта қурилиш бошлаб юборилган.

Суриштирув давомида жамият мутасаддилари Kun.uz мухбирига ерга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим эта олишмади. Барча ҳужжатларимиз бор, дея низоли ерда қурилаётган объектнинг чизмаларинигина кўрсатишди, холос. Kun.uz мухбири билан телефон орқали суҳбатда жамият ҳисобчиси берилган саволларга жавобан бу масалада ваколатли эмаслигини, тез орада ҳуқуқшунослар таҳририят билан боғланишини айтди. Бироқ ўтган вақт давомида жамият номидан ҳеч ким мазкур масалада алоқага чиқмади.

Олим Раҳимов мазкур масала бўйича бир неча бор Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қабулига киришга ҳаракат қилгани, бироқ уринишлари зое кетганини айтади.

Суриштирув давомида Kun.uz мухбирлари фуқаро билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар прокуратурасида бўлишди.

Бизни қабул қилган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ходимлари видеотасвирга олишимизни исташмади. Барча ҳужжатлардан нусха олиб қолишиб, тез орада ўзлари алоқага чиқишларини айтишди.

Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев фуқаро ва унинг адвокатини журналистлар иштирокида қабул қилди ва уларнинг арзини диққат билан эшитди. Шаҳар прокурори ишни ўрганиб чиқиш учун 10 кун муддат сўради ва шу ернинг ўзида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев

Умид қиламизки, Олим Раҳимовнинг сарсонгарчиликлари шу идорада якун топади ва уни қийнаётган муаммога ечим топилади. Зотан, Президент Шавкат Мирзиёев сўзлари билан айтганда, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди. Адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш эса прокуратура органлари зиммасидадир.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид