Ўзбекистон | 09:46 / 15.11.2019
10296
2 дақиқада ўқилади

12та касб-ҳунар коллежи Туризм қўмитаси тасарруфига ўтказилди

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни “Ўзэкспомаркази” миллий кўргазмалар мажмуаси халқаро павильонида Ўзбекистон Гидлар уюшмасининг тақдимоти ҳамда соҳага доир бошқа муҳим масалалар юзасидан музокаралар ўтказилди. 

Тақдимотда қайд этилишича, Ўзбекистон Гидлар уюшмаси 2019 йил 19 февралда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда гидларни бирлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, гидлик соҳасини ривожлантириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, гидлар хизматлари сифатини яхшилашда ҳамкорлик қилиш каби вазифалар билан шуғулланиб келмоқда.

Тадбир давомида соҳага оид муҳим масалалар юзасидан музокаралар ўтказилди. Хусусан, бугунги кунда ички ва кириш туризмининг ривожланиши, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонининг ортиб бориши туфайли юртимизда тажрибали гидларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганлиги, бу борада малакали гидларни тайёрлаш долзарб масала эканлиги алоҳида таъкидланди.

Қўмита ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти томонидан 2018 йилда 291 нафар ёш мутахассис учун гидлик фаолияти бўйича ўқув-курси ташкил этилган. Бугунги кунда жами 700 дан ортиқ гид тегишли сертификат билан фаолият юритмоқда.

Туризмни ривожлантириш институти ягона тестлаштириш тизими асосида гидлар, экскурсоводлар ва йўриқчи-йўл бошловчиларга малака сертификатларини бериш бўйича ўз фаолиятини олиб боради. 

Президентнинг жорий йил 6 сентябрида “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ республикада туризм соҳаси бўйича ихтисослашган 12 та касб-ҳунар коллежлари Қўмита тасарруфига ўтказилди. Мазкур коллежларга ҳар йили туризм ва сервис соҳалари бўйича жами 2500-3000 нафарга яқин ўқувчилар қабул қилинади ва 2020 йилдан бошлаб янгиланган ўқув дастурлари асосида фаолияти йўлга қўйилади.

Тадбир якунида мамлакатда гидлар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон гидлар ассоциацияси фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Мавзуга оид