Жаҳон | 21:12 / 15.11.2019
5940
2 дақиқада ўқилади

Uber’га 650 млн долларлик жарима солинди

АҚШнинг такси хизмати кўрсатувчи Uber Technologies Inc. компанияси Нью-Жерси штатида ишсизлик ва меҳнатга лаёқатсизликка суғурта бадалларини тўламагани учун 650 млн долларлик жаримага тортилди. Бу ҳақда штатнинг меҳнат ва меҳнат ресурсларини ривожлантириш департаментига асосланиб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, департамент 4 йилдан бери Uber’ни ишчиларни нотўғри таснифлашда айблаб, ундан суғурта бадалларини тўлашни талаб қилиб келмоқда. Компанияда эса у билан ҳамкорлик қилувчи ҳайдовчилар ёлланма ишчилар эмас, мустақил пудратчилар деб ҳисобланади. Пудратчилардан фарқли, ишчиларга ижтимоий кафолатлар, жумладан суғурта тақдим этилиши керак.

Uber ва унинг шўба корхонаси Rasier LLC суғурта бадаллари бўйича 523 млн доллар қарзга ҳамда тўловларни ўз муддатида тўламагани учун 119 млн долларлик фоиз ва жарималарга эга.  

Компания матбуот котиби Аликс Анфангнинг таъкидлашича, компания ушбу қарор бўйича баҳслашмоқда. 

Uber акциялари нархи жарима ҳақидаги янгиликдан кейин деярли 4 фоизга тушиб кетган.

Мавзуга оид