Ўзбекистон | 17:41 / 16.11.2019
34223
10 дақиқада ўқилади

3та хусусий бандлик агентлигига жиноий иш очилган, 8та лицензия бекор қилинган – соҳа расмийси билан суҳбат

Сарвар Каримов

Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб, хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилган эди. Аммо жорий йилнинг ўрталарига келиб, бир нечта ХБАларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилгани фуқароларда уларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотмоқда.

Kun.uz мухбири айни мавзуда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Каримов билан суҳбатда бўлди.

– Ҳозиргача нечта хусусий бандлик агентлигига лицензия берилди? Улар вилоятлар кесимида қандай кўрсаткичга эга?

– 2018 йил 30 ноябрдан ҳозирги кунга қадар 90та хусусий бандлик агентликлари давлат реестрига киритилган, шундан 66та ХБАга фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.

Лицензия олган ХБАлар сони вилоят кесимида қуйидагича: Тошкент шаҳри – 32 та, Самарқанд вилояти – 9 та, Фарғона вилояти - 5 та, Андижон вилояти – 8 та; Навоий, Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида биттадан.

– Лицензия олган ХБАлардан қанчасининг фаолияти тугатилди, қанчасига жиноят иши қўзғатилди?

– Ўтган давр давомида фаолиятини тўғри бошқара олмаганлиги, ўз ташаббуси ёки қонунбузарликларга йўл қўйганликлари учун 8та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган, 3та ХБА лицензияси вақтинчалик тўхтатилган ва 3та ХБАга жиноят иши очилган.

– Ҳозирги кунда ХБАлар томонидан фуқаролар айнан қайси давлатларга ишга юборилмоқда? Бу борадаги статистик маълумотлар қандай?

– Ҳозирги кунда ХБАлар томонидан чет элга ишга юборилган фуқаролар сони 1876 нафар бўлиб, булардан 1005 нафари Россия Федерациясига, 529 нафари Туркия, 6 нафари БАА, 6 нафари Болгария, 6 нафари Эстония, 5 нафари Исроил, 72 нафари Латвия, 213 нафари Литва, 25 нафари Польша, 1 нафари Қатар, 2 нафари Қозоғистон, 1 нафари Уммон, 5 нафари Япония давлатига тўғри келади.

– Ўзбекистон ХБАлар ташкил этилиши ва улар фаолият юритишига қанчалик тайёр эди?

– Ўзбекистонда ХБАлар ташкил этилишига асосий сабаблардан бири – чет элга уюшмаган меҳнат миграциясининг катта оқими мавжудлиги, 2018 йилга қадар қонуний меҳнат миграцияси учун бозор мавжуд эмаслиги ва шу кунга қадар бозор монополлаштирилганлиги эди.

Бозорда бепул хизмат кўрсатаётган битта вазирлик расмий вакилининг мавжудлиги барча фуқароларнинг талаб ва таклифларини қондира олмайди, иш берувчиларни ишсиз меҳнат кучи билан таъминлашга жисмонан имконият мавжуд эмас эди.

Монопол давлат органи хизматларни кўрсатиш, йўналишни диверсификация қилишни ва бошқаларни мослашувчанлигини таъминлай олмас эди. Натижада Халқаро меҳнат миграцияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари талаблари бажарилмай келаётганди.

Алоҳида таъкидлайдиган бўлсак, меҳнат бозорига яна бир тадбиркорлик субъектининг кириб келиши таъминланиши мақсад қилинган. 

Натижада, одамлар ноқонуний меҳнат миграциясини танламасдан, тасдиқланмаган маълумот манбаларидан фойдаланиб, бошқа давлатга саёҳат қилмасдан, аниқ қаерга боришлари, нима билан шуғулланишлари ва ҳоказоларни билиш имкониятига эга бўлди. Иш жойида ижтимоий ва яшаш шароитлари энг минимал стандартларга ҳам жавоб бермайдиган, оқибатида меҳнат муҳожирлари жиноий ёки экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолишлари, меҳнат ҳуқуқларини бузилиши ва сифатли тиббий ёрдам йўқлиги туфайли азият чекиш ҳолатларининг қисман бўлса-да олди олинди.

Бугунги кунда республикамизда жами 58та хусусий бандлик агентликлари лицензия асосида фаолият юритиб келмоқда. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, бошқа соҳаларда мавжуд камчиликлар сингари бу соҳада ҳам муаммолар ва камчиликлар юзага келди. Унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўриб келинмоқда. Хусусан, Қонунга янги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар тайёрланди ва халқнинг кенг муҳокамасига қўйилди.

– ХБАлар фаолияти қандай мониторинг қилинади?

– Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тузилмасида Хусусий бандлик агентликлари ва билимни баҳолаш марказлари фаолиятларини лицензиялаш ҳамда мониторинг қилиш бошқармаси мавжуд. Бу бошқарма лицензия олиш учун ариза билан мурожаат этган юридик шахсларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш, қабул қилиш, лицензия бериш учун ваколатли органга хулоса тайёрлаш, белгиланган тарибда улардан ҳисобот олиш, умумлаштириш ва уларнинг фаолияти бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди ва мониторингини юритади.

Ўтган давр давомида 20дан ортиқ маротаба ХБАлар билан семинар, учрашув ва конференциялар ўтказилди. 8та ХБАнинг фаолиятида текширувлар ўтказилди ва тегишли чоралар кўрилди.

– Агентликка ХБАлар орқали хорижга ишга кетиб, у ердан турли муаммоларга дуч келган фуқаролардан мурожаатлар ҳам тушадими?

– Хусусий бандлик агентликлари томонидан чет элга ишга юборилган ва у ерада турли муаммоларга дуч келган фуқаролар томонидан ташқи меҳнат миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари номига шикоят ва аризалар келиб тушиш ҳолатлари кузатилади. Шикоят ва аризаларнинг асосий мазмуни – яшаш шароитлари талабга жавоб бермаслиги, белгиланган ойлик маошлари кечиктирилиши ва оғир меҳнат шароитларидан норозилигидан иборат.

Бундай нохуш ҳолатларни бартараф этиш агентлик ваколатхоналари орқали ёки Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга тегишли чоралар кўрилишини таъминлаб келмоқдамиз.

Ўтган давр давомида 355 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги ундирилмаган иш ҳақлари ундирилишида ёрдам кўрсатдик. Оғир аҳволга тушиб қолган ва ўз ҳуқуқларини билмаганликлари оқибатида хорижий давлатларнинг Ички ишлар идораларининг маҳсус сақлаш марказларидан жами 2024 фуқароларимизни ватанига қайтаришга эришдик.

– «Human» ХБА фаолиятидаги ҳолат интернетда катта баҳсларни келтириб чиқарди. Аммо ташқи меҳнат миграцияси оммага бу ҳақда бирор баёнот билан юзланмади ва ҳалигача сукутда.

– Тўғри, бугунги кунда нафақат «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ фаолияти бўйича балки, «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» ва «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖлар раҳбарлари ва ходимлари фаолиятида жиноий аломатлар мавжуд, деган хабарлар бор. Аммо қонунларимизни биласиз, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда ва қонунбузарлар жазосиз қолмайди. Шу билан бирга, уларни жиноятчи ёки қонунни бузган дейиш учун суднинг қонуний кучга кирган қарори бўлиши керак. Суднинг ҳукмисиз ҳеч ким бошқа бир шахсга айбдорсан дейишга ҳаққи йўқ.

Бу борада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассислари тергов ишларини олиб боришда сўралган барча маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб боришмоқда. Шунингдек, фуқароларимизни огоҳликка чақириш мақсадида жорий йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон телевидениесида ташкил этилган «Муносабат» кўрсатувида вазирлик ва агентлик ходимлари иштирок этиб, ўз фикрларини баён қилган. Видеороликлар тайёрланиб, тегишли идораларга тақдим этилган.

– ХБАларга катта миқдордаги маблағга чув тушган фуқароларнинг маблағларини қайтаришда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қанчалик кўмаклаша олади?

– Албатта, агентлик ушбу фуқароларга ваколат доирасида ёрдам кўрсатишга тайёр. Айрим жабрланган фуқароларнинг ўз хоҳиш, истак ва иродасига асосан уларни бошқа ХБАлар орқали кўзланган мақсадларига, яъни хорижда иш топиб бериб, юборишга бепул эришишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозирги вақтда ана шундай 40 нафар фуқаролар билан ўзаро келишувларни амалга оширмоқдамиз.

Маблағларини қайтаришга келадиган бўлсак, тергов органлари жиноят содир этишда гумонланганларнинг мол-мулклари ва ҳисоб рақамидаги маблағларига банд солган. Ноқонуний ўтказмаларини қайтариш чораларини кўрмоқда. Жами маблағлар фуқароларнинг кўрган зарарларини қоплашга йўналтирилади. 

– ХБАлар фуқаролар билан тузаётган шартнома қанчалик талабга жавоб беради?

– Қонунга мувофиқ, Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилиши белгиланган.

Унга кўра, шартнома қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • хизматларнинг мазмуни;
  • хизматлар кўрсатиш муддатлари;
  • хизматлар кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари;
  • шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги;
  • шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;
  • шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда пул маблағларини қайтариш тартиби;
  • Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган тақдирда, хусусий бандлик агентлигида лицензия мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар, лицензиянинг тартиб (рўйхатдан ўтказиш) рақами ва берилган санаси кўрсатилган ҳолда тузилиши белгиланган.

Айрим ХБАларнинг шартномалари ушбу модда талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Шу сабабли ХБАларга юридик томондан кўмаклашиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланиб қолинишини олдини олиш мақсадида шартнома намунаси ҳукумат томонидан тасдиқланган. Мазкур намуна асосида шартномалар тузилган бўлиб, тарафлар ихтиёрига асосан имзоланган.

Мавзуга оид