Ўзбекистон | 17:06 / 18.11.2019
8770
2 дақиқада ўқилади

«Глобал тадбиркорлик ҳафталиги» Ўзбекистон тадбиркорларига нима беради? 

Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 ноябрь куни «Глобал тадбиркорлик ҳафталиги» (GEW) старт олди. Бир ҳафта давомида таълим, молия, маркетинг, аёллар тадбиркорлиги, бизнесни кенгайтириш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби соҳаларни қамраб олишни мўлжалланган ҳафталик бу йил Ўзбекистонда учинчи бор ўтказилмоқда.

Ташкилотчиларнинг маълумот беришича, айни пайтда ушбу халқаро тадбир бир вақтнинг ўзида жами 160 давлатда бошланди. Ўзбекистонда бу йилги ҳафталик «Ўрган, синаб кўр ва ривожлан» шиори остида ўтмоқда.

«Бу ҳафталик тадбиркорлар ўртасида мулоқотни шакллантириб, муаммоларни биргаликда ечиш мумкинлигини ўз иштирокида кўрсатиб бера олиш имконияти билан аҳамиятли», - дея таъкидлади ЁИ раиси Алишер Саъдуллаев.

Алишер Саъдуллаев

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов очилиш маросимида сўзга чиқиб, ҳафталикнинг асосий мақсади таълимни, тадбиркорлик соҳаси бўйича билимни ошириш эканлигини алоҳида таъкидлади.

«Ҳозир давлат раҳбарини хавотирга солаётган масала ҳам таълим-тарбия билан боғлиқ», - дея қайд этди Адҳам Икромов.

Адҳам Икромов

Савдо-саноат палатаси раисининг билдиришича, айни пайтда вилоятларда ўз бизнес режасини мустақил равишда туза оладиган тадбиркорлар камлиги ҳам бизнес бошлаш билан боғлиқ камчиликлар сирасига киради.

«Тадбиркор баъзида ишини бошлашдан олдин банкка келади ва банк ходими унга бизнес режа тузиб беради. Мана шу ўринда бизнес таълими қанчалик кераклиги кўринади», - дея қўшимча қилди Адҳам Икромов.

Ҳикмат Абдураҳмонов

Бундан ташқари, HUMO partners асосчиси, GEN Uzbekistan (Global Entrepreneurship Network) бош директори Ҳикмат Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, ҳафталик тадбиркорлар ташаббуси билан ташкил этилган илк лойиҳадир.

«Ҳафта давомида 50га яқин турли сессиялар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг асосий қисми тадбиркорларнинг ўзи томонидан ташкиллаштирилиши мўлжалланяпти», - дейди Ҳикмат Абдураҳмонов.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид