Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукуматга 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда бюджет маблағларини вазирликлар ва идоралар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, ишчи гуруҳларида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан фаол муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллаган эдилар. Барча сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позициясини билдирганди.
Ҳукумат ҳамда парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси олдига лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида уни кенг муҳокамалар қилиш ва депутатлар томонидан билдирилган таклифларни кўриб чиқиш вазифаси қўйилган.
Вазирлар Маҳкамаси вакиллари ва экспертлар иштирокидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилишида қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди. Лойиҳани такомиллаштиришга йўналтирилган фикрлар билдирилди.
Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши кўзда тутилмоқда. Олий Мажлис қошидаги Давлат бюджети Бошқармаси мутахассисларининг қайд этишича, бу хорижий мамлакатлар қонунчилигида кам учрайди. Бундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида ушбу тушунча “Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар” билан алмаштирилмоқда.
Ундан ташқари, парламент аъзолари республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ўзгартириш киритиш тартибига аниқлик киритиш зарурияти юзасидан бир тўхтамга келишди. Жумладан, ҳукуматга 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда бюджет маблағларини вазирликлар ва идоралар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи берилади. 10 фоиз ва ундан ортиқ миқдор бўлганида эса, Олий Мажлис палаталари ушбу жараённи амалга оширади.
Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасининг 12-моддасини “парламент республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини тасдиқлайди” деган норма билан тўлдиришни таклиф этмоқда.
Маҳаллий бюджетларнинг шаклланишида ва уларнинг даромадлари тақсимланишида, қўшимча маблағларнинг сарфланишида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатларига тааллуқли нормаларга аниқликлар киритилмоқда. Депутатларнинг таклиф этишича, маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари юзасидан маҳаллий бюджетнинг 10 фоиздан кам бўлмаган қўшимча даромадларини ижтимоий соҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади. Бунда жамоатчилик фикрига муҳим аҳамият қаратиш зарур.
Жорий йил 14 ноябрда ўтказилган палата мажлисида депутатлар томонидан бир қатор аниқ таклифлар билдирилган эди. Қонун лойиҳасининг 21-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса, харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилиши, шунингдек, ушбу тартибда туман ва шаҳар ҳокимликлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат этишлари белгилаб қўйилишини кўзда тутувчи алоҳида банд киритилди.
Депутатлар илгари сурган таклифга кўра, қонун лойиҳасининг 11-моддасига қўшимча равишда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тасдиқланган умумий харажатларининг 3 фоизидан ошган қисмини ишлатишга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан рухсат бериш нормаси киритилмоқда.
Қонунчилик палатаси сайтида айтилишича, депутатлар томонидан ҳар томонлама ўрганишлар асосида муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳасига шу каби 20га яқин ўзгаришлар киритилмоқда.
Мавзуга оид
12:21 / 17.03.2025
Шахсларни ўз розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши мумкин. Адлия вазирлиги қонун лойиҳасини муҳокамага чиқарди
19:08 / 12.03.2025
Қамоққа олинмаган гумонланувчиларнинг Ўзбекистондан чет элга чиқиши вақтинча чекланиши мумкин
17:46 / 17.02.2025
Давлатга қарашли бир қатор йирик компаниялар январда солиқ тўлашни қисқартирди
12:11 / 08.01.2025