Ўзбекистон | 12:30 / 20.11.2019
34304
8 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева ОАВдан қочиб юрган амалдорлар, Сенат раислигига таклиф, ишламаётган қонунлар ва дарахтлар ҳақида

Блогер Кирилл Альтман Alter Ego видеолойиҳаси доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан суҳбат уюштирди.

Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, амалдорларнинг очиқлиги, матбуот билан эркин мулоқот қилиши вақт ўтиши, тажриба орттирилиши билан юзага келади.

“Бу тажриба билан бирга келади. Уч йил ичида оммавий ахборот воситалари ва одамлар учун кескин очиқлик юз берди. Одамлар эркин мулоқотни соғинди. Амалдорлар бундай мулоқотга одатланмаган. Ўйлайманки, уч йил ичида биз бу соҳада жуда кўп нарсаларга эришдик. Аммо муаммолар кўп. Мансабдорларнинг ўрганиши учун вақт керак. Менимча, амалдорларнинг ёш авлоди тайёр бўлади. Бугунги кунда улар матбуот ва одамлар билан мулоқотга киришни жуда хоҳлаяпти. Биз буни ҳар куни телевизор, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрмоқдамиз. Албатта, ҳанузгача қочиб, яшириниб юрган амалдорлар ҳам бор, аммо бу вақтинчалик нарса. Ҳали камида уч-беш йил керак”, - дейди Т. Норбоева.

Сенат раисининг айтишича, ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатади ва катта қизиқиш билан ўқийди:

“Мен ҳар куни ижтимоий тармоқларни очаман ва катта қизиқиш билан ўқийман. Ўзим учун ажойиб хулосалар чиқараман. Одамлар у ёки бу муаммоларни кўтаради, демак биз нега бу муаммолар одамларни қийнаётгани ҳақида ўйлашимиз керак. Вазиятни тўғрилаш учун мос келадиган қарорлар қабул қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳеч қачон кўнгли тўлмайдиган одамлар ҳам бор. Ҳокимият одамлар келиб, вазиятни тўғрилашга ёрдам бераётганидан хурсанд бўлиши керак”.

Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига тайинланиши ўзи учун кутилмаган бўлганини айтиб ўтди.

“Бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бундай таклиф келиб тушишини умуман кутмагандим. Сабаби, парламент сайловларидан олдин бу таклиф жуда кутилмаган эди. Агар кадрлар алмаштирилса, Сенатнинг янги раҳбари ёки спикер, қўмита раислари сайланса, барчамиз бу сайловлардан кейин юз беришини кутамиз. Бу таклифни катта миннатдорчилик билан қабул қилдим. Менинг номзодимни сенаторлар ҳам қўллаб-қувватлади”, - дейди у.

Қайд этилишича, мамлакат ҳозир ривожланишнинг янги босқичига ўтди:

“Афсуски, аввалги йилларда шундай амалиёт бўлганки, депутатлар ва сенаторларнинг ўрни сезилмаган. Аммо ҳозир шундай, деб айтиб бўлмайди. Ҳозир ҳамма нарса тез ўзгаряпти. Оддий одам сифатида сиз Сенат, маҳаллий кенгашлар фаолиятидан бехабар бўлишингиз мумкин. Ҳатто, шаҳар кенгашига сайланган ўз депутатингизни ҳам билмайсиз. Бу депутатлар ва сенаторларнинг фаолиятидаги жуда катта камчилик. Улар ўзларига тақдим этиладиган кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиши, бунга овоз бериши, чиқиш қилиши ва ўз фикрини билдириши керак, деб ҳисоблайди. Шу ерда уларнинг роли тугайди. Бу бир неча йил олдин кузатилган эди. Биз баъзи муаммоли мавзуларни олиб чиқиб, ҳукумат аъзоларини эшитувга таклиф қила бошладик. Бу илгари ҳеч қачон бўлмаган. Вазирлар ёки қўмита раислари минбардан бизнинг сенаторларнинг саволига жавоб беришяпти. Механизм яратилди, у такомиллаштирилмоқда. Маълум вақтдан кейин у ўз натижаларини кўрсатади. Сенат ҳақиқий Сенат каби ишлайди”, - деди Т. Норбоева.

Сенат раисининг фикрича, дарахтлар кесилиши юз бераётган ҳудудларда депутатлар, сенаторлар ва раҳбарлар бор ҳамда улар тезкор реакция билдириши керак.

“Дарахтлар кесилиши маълум бир ҳудудларда кузатиляпти. У ерда депутатлар, сенаторлар ва раҳбарлар бор. Улар тезкор реакция билдириши мумкин эди. Аммо бу кузатилмаяпти. Одамлар масалани кўтаряпти, лекин биз ўз вақтида бунга реакция билдирмаяпмиз. Сенат йиғилишида бир томондан Орол денгизи ҳудудини кўкаламзорлаштириш кетаётганини айтдик, бошқа томондан эса дарахтлар кесилмоқда. Бу парадокс. Дарахтлар кесишни тақиқловчи қонунлар мавжуд. Аммо бу қонунларни қайта кўриб чиқиш керак. Дарахтларни кесган одамларнинг жавобгарлигини кучайтириш керак. Ушбу қонунлар қандай ишлашини таҳлил қилиш керак. Агар шундай ҳаракатлар содир бўлаётган бўлса, демак улар ишламаяпти. Бундан ташқари, кесаётган одамларнинг жавобгарлиги. Бу одамлар мебель саноатидаги тадбиркорми ёки қурилиш учун ер ажратган ҳокимият вакили бўладими, масъулиятни ўзи ҳам тушунмайди. Одамларнинг ҳуқуқий билими камлиги, қонунларга риоя қилинмаслиги, қонунчилик меъёрларининг сустлиги ва ушбу ҳаракатлар устидан аниқ парламент назоратининг йўқлиги бунга сабаб”, - деди Сенат раиси.

Парламент сайловлари ҳақида:

“Партиялар фаоллашди, улар эски усулда ишлаш ва мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлардан ортда қолиш мумкин эмаслигини тушунишди. Аҳоли сиёсий партияларга қараганда кўпроқ муаммоларни кўтаряпти. Шунинг учун партиялар ҳозир хулоса қиляпти. Уларнинг дастурлари бир-биридан фарқ қилади. Илгари дастурни ажратиб бўлмасди. Бизда номзодларга кўпроқ овоз беришади. Бу одам қанчалик машҳур, у қандай муаммоларни ҳал қила олади ва ҳоказо. Менимча, одамлар ҳозир жуда ўйланган ҳолда қарор қабул қилади”.

Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, ҳозир ислоҳотлар жуда тез суръатда амалга оширилмоқда.

“Ушбу жараёнларнинг ортида мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш керак. Мени ташвишга солаётган асосий муаммо шундаки, қонунлар ҳали ишламаяпти. Аҳоли билиши керак. Улар ижро этилишини талаб қила олиши лозим. Энг муҳими, ушбу қонунларнинг ижрочилари масъулиятни ҳис қилишлари керак ва қонунларнинг ижроси ҳар бир раҳбарнинг асосий масаласига айланиши шарт. Яқинда видео кўрдим. Kun.uz Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев билан суҳбатлашган. Элчи шундай дейди: “Биз бу ерда бизнес лойиҳаларни ташкил қилиш учун инвесторларни жалб қиляпмиз. Айрим ҳокимлар шундай дейишмоқда: “Мен сизга ҳеч ким тегмаслигини кафолатлайман. Сиз ўз ишингизни қиласиз, бизнес-лойиҳалар яратасиз, Ўзбекистонда, мен кафилман”. Шунда инвесторлар юз ўгириб кетяпти. Улар: “Кафолат берувчиси битта бўлган мамлакатда биз ҳеч нарса қилмаймиз”, дейишмоқда.”. Бу биз учун энг катта оғриқли масаладир. Чунки мамлакатда қонунлар устунлик қилиши керак. Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши лозим. У самарали ва сўзсиз ишлаши шарт”, - дейди у.

Суриядан аёллар ва болаларнинг қайтиши:

“Уларнинг қайтиб келишидан олдин ушбу давлатлар ҳукуматлари билан кўп иш қилинди. Улар бу ерга олиб чиқишда катта қийинчиликлар бўлди. Қайтиб келган аёллар хатоларини такрорламасликларига тўлиқ ишонч йўқ эди. Қайтмоқчи бўлганлар қайтиб келишди. У ерда жуда ҳам ҳавас қиларли ҳолат йўқлигини кўришди. Аёллар турли сабабларга кўра кетишган. Баъзиларида эри олдиндан кетиб, кейин оиласини чақирган. Интернетда танишиб, сўнг кетиб қолганлар ҳам бўлган. Баъзида Россия Федерацияси ёки бошқа давлатларга ишлаш учун кетганларни алдаш йўли билан жалб қилишган. Журналистлар бу аёллар учун нима қилинаётганидан бехабар. Бу бизнинг тузилмаларнинг хатоси, улар бу ҳақда гапирмаяпти. Қайтарилганларга имконият берилмоқда. Бу катталар учун. Болаларга эса нормал ҳаёт кечириш учун имконият яратилмоқда. Бу бизнинг болалар. Уларнинг ҳеч қандай айби йўқ”.

Мавзуга оид