Ўзбекистон | 21:17 / 21.11.2019
32569
4 дақиқада ўқилади

Президент ўтказган йиғилишда истеъмол савати ва яшаш минимуми ҳалигача жорий этилмагани танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Сўнгги икки йилда ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилгани, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилингани қайд этилди.

Лекин тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят бўлгани ҳам шундан далолат беради.

Масалан, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқ. Пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий қилинмаган. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти.

Бундай ҳолатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадалидан озод қилиш каби масалаларда ҳам учрайди. Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй ва иш билан таъминлаш, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни координация қиладиган яхлит тизим йўқ, бу масалалар билан ўттизга яқин давлат идоралари, ташкилотлар ва комиссиялар шуғулланмоқда.

Йиғилишда халқаро тажриба асосида бу соҳада бутунлай янги тизимни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бунинг учун, аввало, ижтимоий кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш, тўловларнинг манзиллилигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. 

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига халқаро ташкилотлар экспертларини жалб этиб, истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ҳамда истеъмол меъёрларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уни аввал муайян шаҳар ва вилоятларда тажрибадан ўтказиб, кейин амалга киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Истеъмол саватчаси қиймати 1 декабргача белгиланиши керак

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш кераклиги ҳақида 2017 йил декабрдаги парламентга мурожаатномасида айтган эди.

2018 йилги давлат дастурига асосан, 2018 йил 1 июлигача «истеъмол саватчаси» тушунчаси ва уни аниқлаш мезонлари акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланганди.

Шунингдек, 2018 йил май ойидаги президент қарори билан, энг кам истеъмол саватчаси ҳамда тирикчилик учун энг кам миқдор ҳисоб-китобини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтига юклатилган.

2019 йил апрелдаги президент қарорига кўра эса, 2019 йил 1 декабргача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун энг кам миқдорнинг аниқ қиймати ва таркибини аниқлаши зарур.

Жорий йил июль ойида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг тахминий миқдори 650 минг сўм эканини айтган эди.

Мавзуга оид