Спорт | 19:00 / 24.11.2019
9095
2 дақиқада ўқилади

Федерер ва Зверев ўртасидаги теннис учрашуви томошабинлар сони бўйича рекорд ўрнатди

Швейцариялик афсонавий теннисчи Рожер Федерер ва немис Александр Зверев ўртасида Мехикода ўтган кўргазмали теннис учрашуви томошабинлар ташрифи бўйича рекорд ўрнатди. Бу ҳақда ESPN телеканали хабар берди.

Фото: EPA-EFE/Jose Mende

38 ёшли швейцарияликнинг фойдасига 3:6, 6:4, 6:2 ҳисобида якунланган учрашувга 42517 киши ташриф буюрган ва бу теннис учрашувлари учун рекорд кўрсаткич бўлди. Учрашув ўтган, корридалар учун мўлжалланган энг йирик арена “Пласа Мехико” ўзига 41262 кишини сиғдира олади. 

Аввалги рекорд натижа 2010 йилда бельгиялик Ким Клейстерс ва америкалик Серена Уильямс ўртасидаги учрашувда ўрнатилган бўлиб, 35681 киши ушбу учрашувнинг бевосита гувоҳига айланганди.

Аввалроқ Федерер 2020 йил февралда ЖАРдаги 55 минг кишилик “Кейптаун” стадионида испаниялик Рафаэль Надалга қарши кўргазмали учрашувда майдонга ташриф буюриш рекордини янгиламоқчилигини маълум қилганди. Шунингдек, бу ерда Федерер ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс ҳамда Надаль ва жанубий африкалик комик Тревор Ноа жуфтликлари ўртасида учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Айни вақтда Федерер профессионал теннисчилар рейтингининг 3-ўрнини эгалламоқда. У ATP’нинг 103 та, жумладан “Катта дубулға” сериясига кирувчи 20 та мусобақа ғолиби ҳисобланади ва бу борада рекордчи ҳисобланади.

Мавзуга оид