Жамият | 21:40 / 24.11.2019
17984
6 дақиқада ўқилади

«Маҳалламиз ўгайми?» - ҳазораспликлар маиший шароитлар оғирлигидан шикоят қилишди

Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани марказидаги «Ойбек» маҳалласининг бир қисмида яшовчи фуқаролар коммунал хизматлар сифати пастлиги туфайли бир неча йиллардан бери азият чекишаётганидан шикоят қилишди. Одамлар газ, электр энергияси, сув таъминоти ва бошқа маиший қулайликлар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишини исташмоқда.

«Ойбек» маҳалласининг Феруз кўчаси

Ҳазорасп тумани марказида жойлашган «Ойбек» маҳалласида 410 хонадонда қарийб 2 мингга яқин киши истиқомат қилади. 2016 йилда маҳалла табиий газ тармоғидан узиб қўйилган. Мутасадди ташкилотлар бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 апрелда ўтказилган йиғилишида қабул қилинган 44-сонли баённомани сабаб қилиб кўрсатмоқда. Унда газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни газ таъминотидан узиш, кўмир ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш қайд этилган. Баённома иловасида «Ойбек» маҳалласи ҳам кўрсатилган.

Газ тармоғига уланган ва уланмаган кўчаларни битта захкаш ажратиб турибди

Бироқ, айни пайтда маҳалланинг бир қисми газ тармоғига уланган ва юқори босимли газдан бемалол фойдаланмоқда. Қолган қисми, хусусан Феруз ва Аваз Ўтар кўчалари эса газ тармоғидан узилган. Бу ердаги аҳоли куз-қиш мавсумида кўмир, ўтин, таппи каби қўлбола ёқилғидан фойдаланиб келмоқда. Суюлтирилган газ фақат овқат қилиш, чой қайнатиш учун ишлатиляпти. Одамлар уйларининг 1-2 хонасини бир амаллаб иситиб, шу хоналарга қамалиб олиб, совуқ кунларни ўтказишяпти. Феруз ва Аваз Ўтар кўчалари аҳолиси хонадонларини газ тармоғига улаб берилишини бир неча йиллардан бери сўрашмоқда.

«Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖ раҳбарияти берган маълумотга кўра, юқорида кўрсатилган 44-сонли баённомада «Ойбек» маҳалласи газ тармоғидан тўлиқ узилиши кўрсатилган. Бу Ҳазорасп тумани учун ажратилган газ лимити камлиги билан боғлиқ. Агар маҳалланинг баъзи кўчалари газ тармоғига уланган бўлса, демак бу ишлар ноқонуний қилингани айтилмоқда.

Захкашнинг ўнг томонида газ бор, чап томонида йўқ

Қайд этиш жоизки, 2016 йилда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги газ таъминотида муаммо юзага келиши мумкин бўлган ҳудудлар рўйхатини тузган ва унга «Ойбек» маҳалласини ҳам киритган. Кейинчалик, шу рўйхатдаги ҳудудлар Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши баённомаси билан газ тармоғидан узилиши тасдиқланган. Аммо бу рўйхатни тузиш жараёнида маҳалладаги вазият чуқур ўрганилдими, газ тармоғидан узиб қўйиш оқибатлари таҳлил қилиндими деган ҳақли саволлар туғилади.

Биринчидан, «Ойбек» маҳалласини, хусусан Феруз ва Аваз Ўтар кўчаларини газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар деб бўлмайди. Тармоққа уланиб олган баъзи хонадонларда газ босими жуда яхши ва ҳатто одамлар уни бироз пасайтириб беришни ҳам илтимос қилишган.

Иккинчидан, аҳоли зич яшайдиган жойларда (айниқса шаҳарлар ва туман марказларида) бирор маҳалла газ таъминотидан узиб қўйилиши бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Газ йўқлиги сабабли хонадон эгалари кўмир, ўтин ва қўлбола таппи ёқишяпти. Натижада, кечга яқин ҳаммаёқни сассиқ ҳидли тутун қоплаб, одамларнинг нафас олиши қийинлашиб, кўчада юришнинг иложи бўлмай қоляпти. Бу ҳолат аҳоли саломатлигига ҳам зарар етказмоқда. Наҳотки бу аҳоли яшайдиган жойларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига тўғри келса?

Газ муаммосига сўнгги сўз сифатида таъкидлаймизки, танқиддан мақсад «Ойбек» маҳалласини газ тармоғидан тўлиқ узиб ташлаш эмас. Балки, барча кўчалар табиий газ билан таъминланиши, бу борада аввалги қабул қилинган баённомалар қайта кўриб чиқилиши, табиий газ учун қўшимча лимит ажратилиши ва куз-қиш мавсумида аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига шароит яратиб берилишини истаймиз. Шаҳарлар ва туман марказлари асло газсиз қолмаслиги керак.

Эскириб кетган трансформатор

«Ойбек» маҳалласининг Феруз кўчаси аҳолиси электр энергияси таъминотидаги узилишлардан безиб кетган. Ҳудудда жуда эскириб кетган трансформатор ишлаб турибди. Табиийки, ёмғир, қорли, совуқ кунларда маҳалла электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Шикоятга кўра, бугунги кунда суткасига атиги 4-5 соат электр энергияси бериляпти, холос.

Ичимлик суви узоқ масофадан ташиб келтирилмоқда

Феруз кўчасидаги уйлар тоза ичимлик суви тармоғига уланмаган. Одамлар ер остидан олинадиган сифатсиз ва шўр сувни истеъмол қилишга мажбур. Ваҳоланки, қўшни кўчалар сув тармоғига уланган. Аёллар шу ерлардан ичимлик сувини челаклаб қатнашга мажбур бўлишмоқда. Бу муаммо ҳам аҳоли учун ноқулайлик келтириб чиқармоқда.

Чиқинди тўплаш ўчоғи бор, аммо унга чиқинди ташлаш тақиқланган

Маҳалла ҳудудидан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш ҳам йўлга қўйилмаган. Янги чиқинди ташлаш ўчоғи қурилган бўлса-да, ундан фойдаланиш тақиқланган – чунки махсус контейнерлар йўқ. Натижада, чиқиндилар дуч келган жойга, ҳатто захкаш ва зовурларга ташланмоқда, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаяпти, шунчаки ёқиб юбориляпти холос.

«Ойбек» маҳалласининг бир қисмидаги ҳаёт шундай тарзда кечаётганини кўрдик. Коммунал хизматлар сифатидан норози, маиший қулайликлардан маҳрум одамлар - «Наҳотки биз ўгай маҳалла бўлсак?!», деган саволни ўртага қўйишмоқда. Куз-қиш мавсумида эса аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўткир тусни оляпти. Маҳалла аҳолисининг турли ташкилотларга қилган шикоятлари ва улардан келган, турли баҳоналарга тўла жавоб хатлари бир дастага яқинлашди. Аммо, машҳур масалда айтилганидек: «Лекин юк қўзғалмас жойидан ҳануз!». Афсуски, муаммоларнинг ечими қоғоздаги ваъдаларда қолиб кетяпти. 

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид