Ўзбекистон | 19:30 / 25.11.2019
17354
2 дақиқада ўқилади

1 январдан автобус ва метрода йўлкирани транспорт карталари, мобил илова ҳамда QR чипталар билан тўлаш мумкин

2020 йил 1 январдан Тошкентдаги жамоат транспортига йўл ҳақи тўлашнинг aвтоматлаштирилган тизими босқичма-босқич жорий этилади. Тизим доирасида жамоат транспорти учун ягона транспорт карталари, тўловни амалга ошириш имконини берадиган мобил илова ҳамда бир марталик QR чипталар жорий этилади.

АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Транспорт вазирлиги автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметовнинг маълум қилишича, транспорт карталарини савдо нуқталари, метрополитен, автовокзал, темир йўл кассалари ва аэропортлардан сотиб олиш мумкин бўлади.

«Ягона транспорт карталарининг нархи 8-9 минг сўм атрофида бўлиб, уни узоқ вақт давомида ишлатиш мумкин. Карталар ҳисобини банк пластик карталаридаги маблағлар, банкоматлар, киосклар, терминаллар ҳамда мобил иловалар орқали тўлдириш мумкин. Йўловчи ой давомида саралаши мумкин бўлган тахминий миқдордаги пулни олдиндан ёки ҳар куни кундалик харажатни тўлаб бориши мумкин», дея Руслан Рўзиметовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда маълум қилинишича, жорий этилаётган aвтоматлаштирилган тизимда йўлкира ҳақи учун тўловларни контактсиз банк карталари, жумладан, Humo, Uzcard, Visa, Mastercard ва бошқалар орқали ҳам тўлаш имконияти яратилади.

Автоматлаштирилган тизим:

Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун – 2020 йил 1 январдан;

Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўловчи ташиш хизматлари учун – 2020 йил 1 агустдан;

Республиканинг бошқа ҳудудларида2021 йил 1 январдан бошлаб жорий этилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид