Ўзбекистон | 11:42 / 26.11.2019
2535
2 дақиқада ўқилади

GIZ Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга 477 минг евро ажратади

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ва Германиянинг Mas contour ташкилоти экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасининг туризм имкониятларидан келиб чиқиб, ҳудудда туризм соҳасида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида GIZ Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга 477 минг евро миқдорида маблағ ажратди.

Маълумот учун: Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ва мазкур ҳудуднинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Қўмита ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. 

Лойиҳа доирасида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини диверсификация қилиш, уларни экспортбоп маҳсулотга айлантириш, инфратузилмани яхшилаш, янги туризм маршрутларини очиш, хизматлар сифатини ошириш ва Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилиш ишлари амалга оширилади.

Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм соҳасидаги хизматлар, маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини кўпайтиришдан иборат.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид