Иқтисодиёт | 17:40 / 26.11.2019
13264
3 дақиқада ўқилади

Нархлар инфляция даражасидан юқорига ошишига йўл қўйилмайди - МБ раиси

Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Ўзбекистонда тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни инфляция мақсадларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда эркинлаштириш графиги ишлаб чиқилиши юзасидан изоҳ берди.

Аҳадбек Ҳайдаров

У бунда биринчи навбатда қандай нархлар ва тарифлар ҳақида гап кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Товар маҳсулотларни икки турга бўлишимиз ва буни тушуниб олишимиз керак. Монопол ва ижтимоий характерга эга бўлган товарлар бор. Уларнинг маълум бир қисми хоҳласак, хоҳламасак давлат томонидан тартибга солиниши давом эттирилади. Мисол учун, жамоат транспортидаги нархлар ёки олий таълимдаги контракт тўловлари, ёки мана шунга ўхшаган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарларни давлат томонидан тартибга солиниши давом эттирилади. Лекин айрим товарлар борки, улар монопол характерга эга эмас, лекин шу пайтгача давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар. 

Уч йил давомида монопол характерга эга бўлмаган, давлат томонидан тартибга солинган кўп товарларни биз эркинлаштириб юбордик. Масалан, қурилиш моллари, цемент, металл буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, шакар, ўсимлик ёғи, кимё маҳсулотлари, минерал ўғитлар, полиэтилен ва бошқалар. 

Энди тартибга солинаётган монопол характерга эга бўлмаган қайси товарлар қолди, деган савол туғилади. Бу А-80 бензини қолган. 

Кейинги қолган нархлар – электр энергияси, табиий газ, коммунал иссиқлик, иссиқ сув, совуқ сув нархлари. Иссиқ сув, совуқ сувни таъминотини тартибга солиш давом эттирилади. Уларни фақат таннархини қоплаш даражасидан келиб чиқиб, нархларни инфляция назаридан келиб чиқиб, нархларни ўрта ва узоқ муддатга белгилаймиз. Электр энергияси, табиий газга келадиган бўлсак, бу борада ислоҳотлар электр энергияси баҳосида бозор муҳити яратилганидан кейин уларни эркинлаштириш масаласи кўриб чиқилади. Лекин, биринчи босқичда уларнинг нархини таннархидан келиб чиқиб, мана шу соҳада фаолият юритадиган корхоналар рентабеллигини таъминлаш бўйича чоралар, инфляциядан келиб чиқиб, уларни аниқ белгилаш чораларини кўрамиз”, - деди молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров.

Айнан шу саволга Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов қуйидаги фикрларни қўшимча қилди:

Мамаризо Нурмуратов

“Бозор шароити шаклланганидан кейин дейилганида, мана шу икки йил назарда тутиляпти. Бу узоқ давом этар экан, деган фикрга бормаслигингиз керак. Иссиқлик, иссиқ сув таъминоти борасида ҳам айтиб ўтдилар, бу ҳар йили хоҳлаганча ошади дегани эмас. Инфляция даражасидан юқорига ошишга йўл қўйилмайди”, дея Марказий банк раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид