Ўзбекистон | 20:00 / 26.11.2019
46529
4 дақиқада ўқилади

Қандай ҳолатларда хорижий олий таълим муассасаси дипломи Ўзбекистонда тан олинмайди?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қандай ҳолатларда хорижий олий таълим муассасасининг дипломи Ўзбекистонда тан олинмаслиги тўғрисида маълумот берди.

«Ўзбекистонда олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқи эга бўлмаган ташкилотлар ҳақида хабар берилганидан сўнг Таълим инспекцияси телеграм ботига (@Uztdibot) фойдаланувчиларидан 1000га яқин саволлар келиб тушди.

Юқоридаги мурожаатларга кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ОТМларига кира олмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида хорижда олий таълим олишни ва буни ҳеч қандай имтиҳонсиз, пуллик хизмат кўрсатиш эвазига расмийлаштириб беришни таклиф этаётган консалтинг ташкилотлари фаол тарғибот ишларини амалга оширишмоқда.

Ушбу ташкилотлар томонидан таклиф этилаётган ОТМларнинг дипломлари Ўзбекистонда тан олиниши юзасидан аниқлик киритиш сўралмоқда.

Ўзбекистонда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан амалга оширилади. 

Консалтинг ташкилотлари томонидан «дунёдаги етакчи олий таълим муассасалари», «дипломи Ўзбекистонда синовларсиз тан олинадиган университетлар» деб тарғиб қилинаётган, масофавий ва экстернат таълим шаклини таклиф этаётган муассасаларнинг аксарияти ўз давлатида ҳам аккредитациядан ўтмагани маълум бўлмоқда», дейилади Таълим инспекцияси хабарида. 

Таълим тизими ривожланган давлатларда ҳам олий таълим олишда асосий таълим шакли сифатида кундузги таълим шакли амал қилади. Масофавий таълим шакли ва экстернат таълим шакллари эса асосан олий таълимдан кейинги катталар таълимида ва умр давомида таълим олишда қўлланиб келинади. 

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низомнинг 36-бандига асосан республикамизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши белгилаб берилган:

а) хорижий давлатларда касбий маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан икки йилдан кам бўлса;

б) хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидагига қараганда таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият билан шуғулланиш учун кам ҳуқуқлар берилган бўлса (ҳужжат эгаси таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш, касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаса);

в) маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;

г) олий таълим босқичларида:

  • бакалавриат бўйича ўқиш муддати уч йилдан кам бўлса ёки Европа таълим тизими асосида ўқиш давомида 240 дан кам кредит тўплаган бўлса;
  • магистратура бўйича ўқиш муддати бир йилдан кам бўлса;
  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда умумий ўқиш даври уч йилдан кам бўлса.

д) тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинадиган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган талабларга тўғри келмаса. 

«Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгиланган, лекин масофавий ва экстернат таълим шакли кўзда тутилмаган. Шунинг учун ҳозирги пайтда ушбу таълим шаклида хорижий таълим муассасаларида ўқиб олинган таълим ҳужжатлари ҳамда хорижий ОТМларнинг бакалавриат йўналиши бўйича сиртқи таълим шаклида 3 йил ёки ундан кам муддатда ўқиб олинган дипломлари Республикамиз ҳудудида тан олинмаслигини билдирамиз», дейилади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабарида.

Мавзуга оид