Жамият | 17:00 / 27.11.2019
65239
4 дақиқада ўқилади

«36 ёшда илк бор ота бўлгандим». Тирноққа зор бўлиб, сўнг 2 йилда 4 фарзанд кўрган бекободлик оила ҳаёти

Олам турфа ҳодисалар, кутилмаган ажойиботларга бой. Унда яшаётган инсонлар эса бу турфаликнинг мазмуни десак адашмаймиз. Ҳар бир инсон ҳаёти ўзгача бир олам: бунда бахт ҳам, қийинчиликларга сабр-бардош ҳам мужассам.

Мурожаатлар асосида навбатдаги манзилимиз – Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Зафар шаҳри Маллабой қишлоғига йўл олдик. Бу ерда Аваз Абдуллаев хонадонида бўлиб, оиланинг турмуш шароити билан танишдик.

«Биз томонлар газ ва электр билан таъминланган. Чироқ деярли ўчмайди, газ эса қишлоқ охири бўлгани учун пасайиб қолади. Ичимлик сувини асосан сотиб олиб ичамиз. Имкони борлар узоқроқдан ташиб ичишади», дейди хонадон эгаси.

Кўп йиллар фарзанд кутиб тирноққа зор бўлган бу инсон оиласи ҳавас қилгулик кутилмаган бахтга муяссар бўлган. Биринчи фарзанди таваллудидан икки йил ўтиб-ўтмай, уч эгиз фарзандли бўлишган.

«36 ёшимда биринчи фарзандимиз туғилганди, орадан икки йил ўтиб уч эгиз фарзандли бўлдик. Чақалоқларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишга борганимда ФҲДЁ ходимлари анчадан бери туманда уч эгизак туғилмаганини айтишди. Охирги марта 1989-90 йилларда бўлган экан. Мурожаат қилишим боиси, бизнинг ҳам аҳволимизни кўришса ва эътибор қаратишса».

Меҳнаткашлик – халқимизнинг азалий хислати. Шу жумладан, қаҳрамонимизнинг ҳам. Аваз ака кундузи устачилик қилиб, кечки вақтда идора қоровули бўлиб ишлайди.

«Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида қоровул бўлиб ишлайман, кундуз кунлари – қурилишда: қўлимда ҳунарим бор. Ота-онам пенсионер. Ҳовлимиздаги ерда ўзимиз истеъмол қилгани маҳсулот етиштирамиз, қолганига маккажўхори экамиз.

Эрта баҳор ва кеч куздан яна ҳам унумли фойдаланиш учун иссиқхона қилишни режа қилиб турибмиз, лекин бунинг ҳам ўзи бўлмайди».

Фарзандларига исм қўйилиши ҳақида сўраганимизда бунинг ўз тарихи борлигини сўзлаб берди.

«Кўпчилик нега ҳозирда «мода» бўлган исмларни қўймагансиз, деб савол бериб қолишади. Билмадим, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Аввалдан Муҳаммад, Робия деган исмларни яхши кўрардим. Қизларимнинг бирига қўшнимиз ҳам дўстим Раъно деб исм қўйишни таклиф қилди. Эгизакларнинг исми шу тарзда қўйилган».

Албатта, бугунги кун замонавий кишисини интернет тармоғисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Интернет нафақат ахборот олиш ва янгиликлардан бохабар бўлиш учун керак, балки Аваз ака билан суҳбатдан амин бўлдикки, ҳуқуқий-сиёсий онгнинг ошишига ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, суҳбатда Аваз ака анчайин китобхон ҳам эканига гувоҳ бўлдик.

Интернет нашрларида асосан қандай хабарларни ўқийсиз ва фикр билдирасиз, деганимизда шундай жавоб берди:

«Асосан, сиёсатимиз ҳақида, яна жаҳон хабарларини кузатаман. Табиатан кўп ҳам гапиравермайман, лекин депутатларнинг чиқишларига муносабат билдирганман.

Ҳозирги парламент сайловларида аввалгидек дуч келганини эмас, ўзим фаолияти билан танишган ва ишонган номзодга овоз бераман».

Йигитали Маҳмудов тайёрлади,
тасвирчи — Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид