Жамият | 15:40 / 27.11.2019
97280
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда метан газ берилмаётганидан норози ҳайдовчилар йўлни тўсиб қўйишди

Бугун, 27 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳри ҳудудида метан газ тарқатиш шохобчасига навбат кутиб турган ҳайдовчилар «заправка» ёпиб қўйилгач М-34 йўлининг Тошкент-Гулистон йўналишини ёпиб қўйишди. Ижтимоий тармоқда воқеа жойидаги жанжалли видео тарқалгач, Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати Kun.uz мухбири сўровига жавобан воқеа юзасидан муносабат билдирди.

«Бир неча кундан бери аҳоли ўртасида табиий газ ва электр токи тақчиллиги бўлаётгани сабабли эътирозлар кўплаб келиб тушмоқда. Шу жумладан, газ тақчиллиги автомобилларга газ тарқатиш шохобчаларида ҳам кузатилмоқда. Ўз навбатида газ қуйиш шохобчаларида кўплаб транспорт воситалари тўпланиб қолиши оқибатида автомашиналар навбат узунлиги бир неча юз метрга етмоқда. 

27 ноябрь куни эса М-34 йўлнинг 89-километрида, йўл ёқасида жойлашган «Шератон-сервис» МЧЖга қарашли Автомобилларга газ тарқатиш корхонаси олдида бир қанча фуқаролар газ қуйиш шохобчасида норозилик билдириб, шу ерда фуқаролар кутиш жойидаги стулларни олиб М-34 йўлининг Тошкент-Гулистон йўналишини вақтинча тўсгани, йўлда эса автомашиналар тирбанд бўлиб тўхтаб тургани кўрсатилган. 

Воқеа жойига зудлик билан Сирдарё вилояти ЙҲХБ ва Сирдарё тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда, ушбу газ тарқатиш шохобчаси бугун тонгда ишга туширилгани, ҳайдовчилар эса кечадан бери навбат кутиб туришганини, соат тахминан 11:00да ўзларини Ўзбекистон Республикаси «Ўзнефтгаз» инспекцияси, Мажбурий ижро бюроси, «Ўзтрансгаз» агентлиги ходимлари деб таништирган шахслар келиб газ ҳисоблаш мосламасини текшириш учун олиб кетишганликларини, навбатда турган 5-6 нафар ҳайдовчилар эса ушбу ҳолатга ўз норозиликларини билдириб, М-34 йўлининг Тошкент-Гулистон йўналишини беркитишганини билдиришган. 

Шундан сўнг олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг у ерга йиғилган ҳайдовчилар тарқатилиб, зудлик билан йўлда ҳаракат тикланганини маълум қиламиз», дейилади Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид