Ўзбекистон | 11:00 / 28.11.2019
37005
4 дақиқада ўқилади

ТВда сайлов дебати вақтида ток ўчиб қолди. Ҳодисага кабель тармоғи шикастланиши сабаб бўлган (видео)

27 ноябрь куни Халқаро пресс-клубнинг Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган Халқаро матбуот марказида ташкил этилган, жонли эфир орқали эфирга узатилаётган пресс-коференцияси вақтида электр таъминотида узилиш рўй берди ва тадбир иштирокчилари тахминан 5 дақиқа давомида чироқсиз қолиб кетди.

Халқаро пресс-клуб бош продюсери Ғулом Самадов «Дарё» мухбирига берган изоҳида ушбу ҳолатни «энергетика тизими маъмурларининг сайлов жараёнларига муносабати» деб атади.

«Фикримча, Тошкент шаҳридаги электр таъминотига масъул раҳбарлар сайловлар жараёни кетаётганини, сайлов жараёнлари бошланганини сезиши керак. 20 сентябрдан бери Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клуб тўғридан тўғри эфирга чиқяпти, масъулларнинг бундан хабари бор. Улар жонли эфирни кўряпти, «Ёшлар» радиоканали орқали тинглаяпти.

Тадбир жойини муқобил энергия ёки бошқа захира билан таъминлашга улар масъул бўлиши керак. Биз уларга электр энергия билан таъминлаб беришларини сўраб расман мурожаат қилмаганмиз. Шундай бўлса-да, мутасаддилар масъулиятни ҳис қилиши керак. Бугун кузатилган электр таъминотидаги узилиш ҳақида улар бизни огоҳлантирмаган. Буни энергетика тизимининг сайлов жараёнларига, умуман, сиёсий воқеаларга муносабати, дейиш мумкин», дейди Ғулом Самадов.

Энергетика вазирлиги 27 ноябрь куни Тошкент шаҳрида электр таъминоти узилиши бўйича изоҳ берди.

«27 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар ҳамда сайтларда электр энергияси билан боғлиқ муаммо туфайли Тошкент метросининг «Ўзбекистон» йўналишидаги «Ғафур Ғулом», «Алишер Навоий» бекатларида ёритиш ускуналарида носозлик ҳамда эскалаторлар тўхтаб қолгани ва «Тошкентда ТВ орқали жонли эфирда кўрсатилаётган сайлов дебати электр ўчгани сабаб узилиб қолди» сарлавҳали материаллар эълон қилинди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Маълум бўлишича, 27 ноябрь куни соат 10:42да Шайхонтоҳур туманида жойлашган 35 кВли «Шайхонтоҳур» подстанциядаги юқори кучланишли «Шайхонтоҳур 1» йўналишли кабель тармоғи шикастланиши натижасида қисқа муддатли узилиш бўлган ҳамда шу заҳоти автоматик равишда захирадаги кабель тармоғига уланган. Соат 10:43да электр энергияси тўла қувват билан узатила бошланган. 

Худди шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Тошкентда ТВ орқали жонли эфирда кўрсатилаётган сайлов дебати электр ўчгани сабаб узилиб қолди» сарлавҳали материаллар эълон қилинди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон Миллий телевидениеси ҳам ушбу Шайхонтоҳур туманида жойлашган 35 кВли «Шайхонтоҳур» подстанция (яъни метрополитен билан битта подстанция) орқали электр энергияси билан таъминланади. Метрополитенда захирадаги кабель тармоғи борлиги туфайли 1 дақиқада муаммо бартараф этилган. 

Халқаро пресс-клубнинг 27 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган матбуот марказидаги эфирга узатилган Пресс-коференцияси вақтида электр таъминотида 5-7 дақиқа узилиш бўлган.

Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади изоҳда.

Мавзуга оид