Ўзбекистон | 19:20 / 29.11.2019
13274
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан мамлакат фуқароларига паспорт бериш йўлга қўйилиши кутилмоқда

Хориждаги ўзбекистонликлар паспортини алмаштириш, янгисини олиш учун юртга келиб-кетиши шарт бўлмайди

Бугун, 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатаси қўмиталарининг йиғилишлари ўтказилиб, унда ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди ва масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев хорижда ўқиётган, ишлаётган фуқаролар ҳалигача паспортини алмаштириш, тиклаш учун Ўзбекистонга келиб-кетаётганига эътибор қаратди.

«Жанубий Корея ёки Россияда ўқиётган талаба, ишлаётган одамларимиз паспортининг амал қилиш муддати тугаганда алмаштириш учун, йўқолганда тиклатиш учун албатта Ўзбекистонга, ўзи рўйхатда турадиган туманига, қишлоғига келиб кетиши керак. Бунинг учун уларнинг қанча пули кетади. Хорижда беш миллионга яқин ўзбекистонлик бор. Нега улар Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари, консуллик идораларида паспорт ололмайди ёки алмаштиролмайди», дея қўмита раиси сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фахриддин Турсуновнинг маълум қилишишича, тез орада Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан мамлакат фуқароларига паспорт бериш йўлга қўйилиши кутилмоқда.

«Ҳозирги кунда чет элда юрган 5 миллион ўзбекистонликка Давлат персоналлаштириш маркази томонидан Ташқи ишлар вазирлигига жами бўлиб 75та қурилма берилиши керак. Бугунги кунга қадар шундан 50 таси чет элдаги элчихоналаримизга жойлаштирилди. Айни пайтда хориждаги ваколатхоналар томонидан Ўзбекистон фуқароларга паспорт берилганда ундириладиган консуллик йиғими, давлатга тўланадиган давлат божи масаласи Ташқи ишлар вазирлигида муаммо бўлиб турибди. Шу бўйича ҳозир ТИВ томонидан лойиҳа ишлаб чиқилган. У ҳозир кўриб чиқиляпти. Шу масала ҳал этилгандан кейин хорижий мамлакатлардаги ҳамма элчихоналаримизда Ўзбекистон фуқароларига паспорт бериш бошланади», дейди Фахриддин Турсунов.

Қўмита раиси Фаррух Дадахўжаев хориждаги ваколатхоналар томонидан Ўзбекистон фуқароларга паспорт берилгани учун ундириладиган консуллик йиғими миқдори баланд қилиб юбормаслик, бу билан фуқароларнинг аҳволи баттар қийинлаштирмаслик кераклигини таъкидлади.

«Хорижда ўқиётган бечора талаба тийин-тийинини ҳисоблаб яшаётган бўлса, ишлашга кетган айрим фуқароларимиз уйига кўпроқ пул юборай деб тушлигини ҳам емасдан ишлаётган бўлса, паспортини алмаштиргани учун борса, отнинг калласидай тўлов тўлаб юрмасин-да. Эртага бу масалани ялпи мажлисдаям кўтарамиз, Ташқи ишлар вазирлигидан изоҳ сўраймиз», дейди Фаррух Дадахўжаев.

Мавзуга оид