Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда тадбиркор ва туркиялик инвестор бинодан айрилиши мумкин. Муаммо қандай ҳал қилинади?
Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги 52-блокда фаолият юритувчи «All Solar» хусусий корхонаси раҳбари Музаффар Тилавов мурожаат йўллади. Тадбиркорнинг айтишича, у ва туркиялик инвестор Албайрак Рамазон раҳбарлигидаги «Asra prom textile» МЧЖ 2017 йилдан буён 10 йилга тузилган ижара шартномаси асосида фаолият юритиб келаётган бино Ўзбекистон президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги қарорига кўра «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси балансига кўргазма майдончаси ташкил қилиш учун ўтказилмоқда.
Тадбиркорлар мазкур иншоотнинг таъмирлаш ишларига жами 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлаб, эндигина оёққа турган ва фойда ола бошлаган пайтда бино олиб қўйилаётганидан жиддий ташвишда.
Энг аҳамиятли ва кишини ўйлантирадиган жиҳат шуки, президент қарорида Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 44-б уй манзилида жойлашган уч қаватли бино унга туташ ҳудуди билан баланс қийматида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига топширилиши қайд этилган. Аммо «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси айнан қарорда кўрсатилган манзил бўйича эмас, балки тадбиркорлар фойдаланаётган бинога, аниқроғи Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 53-б, 52-блокка даъво қилмоқда.
Kun.uz мухбирлари мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишиб, айни масала бўйича қатор ташкилотлар муносабатига қизиқди.
«Нафақат менинг, балки туркиялик инвесторнинг ҳам фаолияти тўхтайди»
Музаффар Тилавов, «All Solar» хусусий корхонаси раҳбари:
- 2013 йили мазкур корхонани очиб, ўз фаолиятимни бошлаганман. 2017 йил февраль ойида юртбошимиз илк бор Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар билан учрашганида мен ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлгандим. Ўшанда давлатимиз раҳбари менга бу соҳани янада ривожлантириш кераклиги, ишлаб чиқариш қисмларини иложи борича маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ бердилар.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар давлат активларини бошқариш марказига ҳужжатларимизни топшириб, ушбу бинони, яъни Шота Руставели кўчаси, 53-б, 52-блокни 10 йил муддатга ижарага олдик. Бу иншоот бизга инвестиция киритиш ва таъмирлаш шартлари билан берилди. Бу шартларни икки йил ичида тўлиқ бажардик. Таъмирлаш учун 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ кетди. Чет элдан 310 минг долларлик ускуналар харид қилиб, олиб келдик. Айни пайтда ишлаб чиқариш ишлари бошланган.
Бу бинода қуёш сув иситгичларининг аксарият қисмини, фотоэлектрик станциялар йиғишни, қуёшдан кўча ёритгичларни ишлаб чиқаряпмиз. Корхонамизда 22 нафар одам ишлайди. Яккасарой кичик саноат зонасига жойлашганимиздан бери бюджет тўловларини 1,5 миллиард сўмга бажардик.
Фаолиятимиз қуёш энергетикасидан фойдаланиб ускуналар ишлаб чиқариш бўлгани учун бу Ўзбекистонда янги соҳа, юртимизда энди кенгайиб, халқимиз томонидан қизиқиш ортиб боряпти.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 200дан зиёд қуёш сув иситгичлари ишлаб чиқардик. «Қишлоққурилишинвест» ташкилоти билан шартнома туздик ва айни пайтда 340дан ортиқ фотоэлектрик станцияларни ўрнатиш жараёни кетяпти. Корхонамиз 10 ой ичида 300 миллион сўмга яқин даромад топди.


2019 йил 16 сентябрь куни ПҚ-4453 сонли тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича президент қарори чиқди. Ушбу қарорнинг 11-бандида биз жойлашиб турган бинони «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига кўргазма зали учун бериш ҳақида топшириқ берилган.
Қарор эълон қилингач, «Ўзтўқимачиликсаноат» раиси ва вакиллари бир неча марта келишиб, бинони бўшатиш талабини қўйишяпти. Биз икки йил ичида ускуналаримизни ўрнатиб, қулай шарт-шароитларни яратган пайтимизда бу жойдан кўчишимиз ишлаб чиқариш ишлари тўхташига олиб келади.
2017 йилнинг февралида давлат мулкини ижарага бериш маркази билан 2026 йил 31 декабргача шартнома тузганмиз.

Бу бинода иккита тадбиркор фаолият юритамиз. Иншоотни бўшатсак, нафақат менинг ишим, балки 30 нафарга яқин ишчиси бор туркиялик инвесторнинг фаолияти ҳам тўхтайди.
Президент қарорида Бобур кўчаси, 44-б уй манзилида жойлашган уч қаватли бино берилсин деган. Ваҳоланки, биномизнинг кадастр бўйича манзили Шота Руставели кўчаси, 53-б бино ҳисобланади. Агар қарор лойиҳасини тайёрлаётганлар бино Яккасарой кичик саноат зонасида жойлашганини аниқлаб ёки давлат мулкини ижарага бериш марказидан маълумотлар олинганида, бу бинода тадбиркорлар мавжудлиги, таъмирлашни улар бажаргани ва ишлаб чиқариш жараёнлари кетаётганидан хабардор бўлишарди.
Туркиялик инвестор ҳам хавотирда
Тадбиркор Музаффар Тилавов билан бирга мазкур бинода фаолият юритиб келаётган «Asra prom textile» МЧЖ директори, туркиялик Албайрак Рамазон ҳам иншоот олиб қўйилиши ва фаолияти тўхтаб қолишидан хавотирда.

«12 йилдан бери Ўзбекистондаман. 3 йилдан буён шу бинода фаолият юритяпмиз. Таъмирлаш ишларига 2 миллиард 150 минг сўм атрофида маблағ кетди. 25 нафар ишчим бор. 400 минг долларга Туркиядан замонавий техникалар олиб келдим. Энди эса бу ерни биздан олиб қўйишмоқчи. Бу муаммо бўйича Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилганман. Лекин улардан ҳали аниқ жавоб келмади», дейди у.
«Юридик манзили Шота Руставели кўчаси»
Ишбилармонлар фикрларини эшитгач, «Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Яккасарой туман филиалида бўлдик. Ушбу ташкилот ходими Равшанбек Пўлатов саволларимизга жавоб берди.
«All Solar» МЧЖ бугунги кунда ижара шартнома асосида фойдаланиб келаётган бино «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК балансида бўлиб, унинг юридик манзили Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 53-б уй этиб белгиланган.
Бизга «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК томонидан бино манзили Бобур кўчаси, 44-б уй дея мурожаат қилинмаган ва унинг юридик манзили юқорида айтганимдек Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 53-б уй деб кўрсатиб ўтилган», дейди ташкилот ходими.
«Шартномалар бекор қилинмаган»
Суриштирув давомида Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш марказида бўлиб, марказнинг Яккасарой тумани бўйича масъул ходими Муҳиддин Мелиқулов билан ҳам суҳбатлашдик.
«All Solar» МЧЖ 2017 йил 15 февралда «Тошкент шаҳар ижара маркази» ДУК ва «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК томонидан уч томонлама ижара шартномаси тузилган. Инвестиция мажбуриятлари билан 10 йилга тузилган шартнома муддати 2026 йил 31 декабргача.
Иккинчи фирма - «Asra prom textile» МЧЖ ҳам 2017 йил 3 декабрь куни 10 йилга уч томонлама ижара шартнома тузиб, фаолият юритяпти.
Ҳозирда ҳар икки корхона билан ҳам тузилган шартнома кучда ва у бекор қилинмаган. Биз томондан уларни бекор қилиш режалаштирилмаган. Шартномани бекор қилиш бўйича ҳам марказимизга ҳеч қандай хат-ҳужжат келиб тушмаган», дейди у.
«Икки томонга ҳам маъқул келадиган вариантни ўйлаяпмиз»
Шундан сўнг «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига ташриф буюрдик. Ташкилот раиси ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов вазият юзасидан изоҳ берди.
«Қарор лойиҳасини тайёрлаш Ўзбекистон президентининг 2017 йил 14 декабрдаги фармони асосида 2019 йил бошида бошланган. Бу борада 20дан ортиқ вазирлик ва идоралар билан келишилган. Бундан ташқари, июль ойида my.gov.uz сайти орқали умумхалқ муҳокамасига ҳам қўйилган.

Бу бино аввал «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти мулки бўлган. Кейинчалик эса самарали фойдаланиш мақсадида давлатга қайтариб берилган. Худди шундай тўқимачилик комбинати ҳам. Эътибор берган бўлсангиз бу Яккасарой туманида тўқимачилик корхоналари йўналишларига мослаб қурилган ҳудуд ҳисобланади.
Ҳозирги кунда бу бинода ижара асосида фаолият кўрсатаётган корхоналар таклифларини олдик. Ўзимиз ҳам уларга таклиф билан чиқдик. Айни пайтда ушбу вазиятни ижобий ҳал этиш бўйича ўрганиляпти. Икки томонга ҳам маъқул келадиган вариантни ўйлаяпмиз», дейди мутасадди.
Кўриб турганингиздек, вазият бироз чигал, тадбиркорлар эса саросимада. Умид қиламизки, мавжуд вазият ваколатли давлат органлари эътиборидан четда қолмайди. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Миролим Исажонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
13:03 / 20.05.2025
Тадбиркорларга модулли меҳмонхоналар қуриш учун субсидия ажратилади
22:10 / 13.05.2025
Тошкентда кўп қаватли уй томига ўзбошимчалик билан ресторан қурилгани аниқланди
23:43 / 05.05.2025
Тошкентда Lacetti уриб кетган пиёда вафот этди
16:17 / 03.05.2025