Ўзбекистон | 18:17 / 30.11.2019
5899
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Қурилиш билан шуғулланадиган пудрат ташкилотларининг аниқ реестри тўлиқ шаклланмаган»

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Мухамет Жумагалдиев арзон уй-жойларни қуриш жараёнидаги камчилик ва муаммоларни айтиб ўтди.

“Буюртмачи ва пудрат ташкилотларининг ўзаро келишуви натижасида қуриб фойдаланишга топширилаётган уй-жойларнинг нархи бир томонлама, фуқароларни огоҳлантирмасдан ўзгартирилиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилишига йўқ қўйилмоқда.

Пудрат ташкилотларини танлашдаги ҳуқуқбузарликлар ҳолатларининг мавжудлиги, ер майдони ажратилишини қонунийлаштириш, ҳудудий комиссиялар аъзоларининг турли бюрократик тўсиқлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қарорлар қабул қилишнинг асоссиз чўзиб юборилаётганлиги, аҳоли талаблари, қолаверса, газ, электр энергияси, канализация, сув ва бошқа коммуникация тармоқларига уланиш имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан ер участкаларининг танланиши ҳисобига миллиардлаб ортиқча маблағ сарфланишига олиб келмоқда.

Қурилиш билан шуғулланадиган моддий-техника базаси, ишчи кучи ва ўз маблағига эга, салоҳиятли пудрат ташкилотларининг аниқ реестри, рўйхати, электрон маълумотлар базаси тўлиқ шаклланмаганлиги, қурилиш ташкилотининг масъулиятсизлиги туфайли қурилиш ишлари лаёқатсиз пудратчи ва субпудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётгани арзон, кўп квартирали уй-жойларни лойиҳалаш, уларни қуриш қоидалари, қурилиш ва монтаж, ишлари устидан назорат қатъий олиб борилмаётганлиги Парламент сўровини тайёрлашимизга сабаб бўлди”, - дея Мухамет Жумагалдиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатор томонидан берилган маълумотларга кўра, сўнгги 3 йилда 104 мингдан ортиқ, жумладан, қишлоқларда 63 мингдан ортиқ, шаҳарларда 41 мингдан ортиқ уй-жойлар қуриб топширилиши натижасида 100 мингдан ортиқ оила уй-жойлар билан таъминланди. 

Сенаторлар арзон уй-жойлар қуриш жараёнидаги муаммолар, шунингдек, аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юборилишини маъқулладилар.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид